Ўзбекистон Республикаси президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади. Унда давлат раҳбари Афғонистондаги вазият ҳақида гапириб ўтди.
«Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлаш, унинг ижтимоий ва иқтисодий тикланишига кўмаклашиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолиши керак.
Биз энг яқин қўшнимиз, бу мамлакатдаги барқарорликдан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор бўлишимиз керак. Халқаро ҳамжамият бу муаммони қандай қабул қилиши кўп жиҳатдан бизга боғлиқ.
Шунингдек, биз ушбу мамлакат билан савдо алоқаларини фаол ривожлантириш, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, муҳим ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш тарафдоримиз.
Саммитимизнинг асосий натижаси, шубҳасиз, Марказий Осиё тинчлиги ва барқарор ривожланиши йўлида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган мустаҳкам ҳужжатлар тўпламининг қабул қилинишидир.
Мен ҳамкасбларимга қўшилиб, маслаҳат учрашуви якунлари мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишига, амалий ҳамкорликнинг қўшма дастур ва лойиҳаларини илгари суриш учун кучли туртки бўлишига ишонч билдирмоқчиман», — деди президент Шавкат Мирзиёев нутқининг сўнгида.
Изоҳ (0)