Сурхондарёнинг Термиз шаҳрига 5 июль куни Афғонистон томондан снарядлар келиб тушганди. Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу ҳужумни уюштирган жиноий гуруҳ қўлга олинганини эълон қилди.
Унинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилган хабарига кўра, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси ўлдирилган, 5 нафари ҳибсга олинган.
«Куни кеча Қундузнинг Имом Соҳиб туманидаги Қанжағэ ҳудудида Ислом Амирлиги махсус бўлинмалари ‘Хаворижлар‘ марказини топиб, йўқ қилди. Ушбу операция давомида 3 нафар хавориж ўлдирилди, беш нафари тириклайин қўлга олинди. Уларнинг автомашиналари ва қуроллари мусодара қилинди. Яқинда улар Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета билан ўққа тутганди», — деб ёзади Мужоҳид.
Эслатиб ўтамиз, снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, бунинг натижасида инсон қурбонлари ва вайронагарчиликлар кузатилмаган. Термиз шаҳридаги «Мажнунтол» маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бирлиги томонидан зарарсизлантирилган.
Изоҳ (0)