Давлат бизнесни бошқаришда юқори самарага эриша олмайди. Бу ҳақда тадбиркор Ботир Орифжонов Тошкент вилоятида ўтказилган «mGovAward» танловидан сўнг, «Дарё» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Ботир Орифжоновнинг таъкидлашича, давлатда бошқарув параметрлари бизнесникидан умуман бошқача.
«Финтек дунёда жуда тез ривожланмоқда. Бир нечта давлатларда финтек бўйича лойиҳаларимиз бор. Бизнес бозорида бўла туриб, айрим ҳолларда яхши кўрсатгичларга етиб олишга қийналамиз. Чунки баъзан тезкорлик етарли бўлмай қолади. Давлат нуқтаи назаридан қаралса, у ҳеч қачон бу турдаги бизнесларни эффектив даражада бошқара олмайди. Ва бошқариш имконияти мутлақо йўқ ҳам. Чунки давлатда бошқарув параметрлари бизнесникидан умуман бошқача. Мисол учун, корхонада ўтирган ходимга қанча кўп ойлик бермасин, у ўзини шу нарсага тааллуқли эканини сезмаса, бутун вужуди билан киришиб ишламайди. Қўл учида иш қилади. Ойлиги ва бонусларини олади, тамом. Вазирликдан ҳеч кимдан гап тегмаса, тинч бўлса, бўлди. Бундай ҳолат билан ривожланиш бўлмайди», — деди тадбиркор.
Ботир Орифжоновнинг қўшимча қилишича, охирги пайтда Ўзбекистонда IT бизнесини ривожлантириш имконияти кенгаймоқда.
«Турли индустриялар бор. Уларни бири-бири билан солиштирилса, Ўзбекистонда зўр ривожланаётган индустриялардан биттаси — IT. Ўзим шу соҳада бўлганим учун буни ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам биламан. Агар ушбу соҳага экспорт бўйича қарайдиган бўлсак, экспортда ўтган йилга нисбатан ўсишимиз каррасига юқори. Ҳеч қайси индустрия бунчалик имконият бермаяпти. Умуман олганда, геосиёсий жараён, масалан, Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятлар бизга «плюс»га ишлаяпти. Қайси маънодаки, у ердаги IТ компания$/ЭХ$лар бизга келмоқда. Кўп компанияларга ҳудуд билан ишлаш учун нейтрал бозор керак. Бизда нейтраллик бўлгани учун идеал ҳамкор бўла оламиз. 2-3 йил олдин бошлаб қўйган ишларимиз, ўзининг натижасини бериб турган пайтда ташқи муҳим бунақа натижа бериб қолгани идеал бўлди. Шу нуқтаи назардан имокониятлар жуда яхши. Ўсиш темплари баланд. Кейинги 3-4 йил ичида бундан ҳам кўп потенциалга эга бўламиз деб ўйлайман», — деди бизнесмен.
Аввалроқ IT-Park директори Фарҳод Иброҳимов Ўзбекистонда ахборот технологиялари қай даражада ривожланаётгани, бу соҳани танлаган ёшларга иқтидор ва яхши муҳит кераклигини айтганди.