Ўзбекистонда маҳалла раисларининг касби жиҳатидан таркибида ўқитувчилар улуши 33,1 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 май куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг 26-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Танзила Норбоеванинг айтишича, республикада ўтказилаётган маҳалла раислари сайловида 8 минг 455 нафар раис сайланди.«Бугунги кунгача мавжуд 9 минг 349 та маҳалладан 8 минг 464 тасида (90,5 фоиз) сайловлар ўтказилди. 22 минг 311 нафар тавсия этилган номзодлар учун овоз бериш жараёнида 1,8 миллиондан ортиқ фуқаролар вакиллари иштирок этди. Бўлиб ўтган сайловларда 8 минг 455 нафар (90,4 фоиз) маҳалла раиси сайланди (битта маҳалла раислигига салкам 3 нафардан номзод тўғри келди). Сайланган раисларнинг 5 минг 548 нафари (65,6 фоизи) биринчи маротаба, 2 минг 907 нафари (34,4 фоиз) амалдаги раисларни ташкил этади. Уларнинг 981 нафари (11,6 фоиз) аёллардан, 260 нафари (3,1 фоиз) маҳаллий кенгашлар депутатларидан иборат. Маҳалла раисларининг касби жиҳатидан таркибига келадиган бўлсак, бунда ўқитувчилар улуши нисбатан кўпчиликни ташкил этмоқда (33,1фоиз)», деди Сенат раиси.
Танзила Норбоеванинг қўшимча қилишича, бу йилги сайловлар олдингиларидан фарқли ўтмоқда.«Тан олиш керак, авваллари маҳалла раиси сайловига одамларда қандайдир бефарқлик кайфияти бор эди. Нега деганда уларда арзимаган муаммони ҳам ҳал этишга на ваколат, на имконият бўлган. Ҳозир уларга ваколат ҳам, керак бўлса маблағ ҳам ажратиляпти. Буни аҳоли тушуниб, номзодларга нисбатан талабчанлик билан муносабат билдирмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, мамлакатимизда жамоат бошқарувида маҳалла фаолиятининг аҳамиятини ошириш, уни халққа амалий ёрдам кўрсатувчи мустақил, кучли ва таъсирчан фуқаролик институтига айлантириш борасидаги ишлар давом эттирилади», деди Сенат расмийси.
Изоҳ (0)