Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмонлар давлат раҳбарига Австрия Федерал президенти Александр Ван дер Белленнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Турли даражалардаги мулоқотлар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш 3 баробар ошди. Қурилиш материаллари, тоғ туризми, соғлиқни сақлаш, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари жадал амалга оширилмоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда. Ушбу ташриф доирасида қўшма бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди, меҳнат миграцияси, дипломатик хизмат ва солиққа тортиш соҳаларида муҳим битимлар имзоланди.Маданият ва таълимда ҳам алмашинувлар кенгайиб бормоқда.
Олий даражада тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритилар экан, терроризм, одам савдоси, наркотрафик ва кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида мунтазам ахборот алмашиш зарурлиги қайд этилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.