Ўзбекистонда машиналарни подъезд ва тротуарлар олдига қўйиш тақиқланди
Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар атрофида автомобилларни тротуар, подъезд ва бошқа умумий ҳудудларга қўйиш тақиқланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан 29 апрель куни давлат рўйхатидан ўтказилган Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларида белгиланди.
Унга кўра, автотранспорт воситаларини кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ҳудудлардаги майсазорлар, хиёбонлар, болалар майдончалари, тротуарлар ҳамда кириш йўлаклари қаршисига қўйиш тақиқланади. Мазкур чекловлар ҳовли ҳудудларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва умумий фойдаланиш жойларини сақлашга қаратилган.
Шунингдек, кўп квартирали уйларда ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни балкон ва лоджияларга ўрнатиш, балконларда оғир буюмларни сақлаш, шунингдек балкон ва лоджияларнинг ташқи қисмига кир, кийим-кечак, гилам ва бошқа буюмларни осиб қўйиш тақиқланади. Балкон ва лоджияларнинг ички қисми бундан мустасно ҳисобланади.
Бундан ташқари, уй ҳайвонларини умумий фойдаланишдаги жойлар, зина майдончалари, чордоқлар, ертўлалар, умумий ошхоналар, балкон ва лоджияларда сақлашга рухсат берилмайди. Кириш йўлакларининг зина майдончалари ва зинапоялар остида ёнувчан материалларни сақлаш, шунингдек умумий иссиқлик тизимларига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш ҳам тақиқланади.
Кўп квартирали уйларнинг лифт хоналари ҳафтада бир марта тозаланади ва лифт ускуналари доимий техник мониторингдан ўтказилиши ҳам хабар қилинганди. Янги тартиб кўп квартирали уйларни сақлаш сифати ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган. Агар ертўладаги қувурларда авария юз бериб, сув ёки оқова сув тўпланиб қолса, бошқарув органи 24 соат ичида ертўлани сув ва оқова массаларидан тозалаши шарт.