Тошкент шаҳрида 2 апрель куни 19-мотомавсум очилиши муносабати билан ўтказиладиган мотосайёҳларнинг тантанали юриши пайтида бир неча кўчаларда ҳаракат чекланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, пойтахтдаги қуйидаги кўчалар соат 12:00 дан 13:00 гача ёпилади:
- «Новза» метросидан Бунёдкор шоҳкўчаси бўйлаб Бунёдкор ва Алишер Навоий шоҳкўчалари кесишмасигача;
- Алишер Навоий ва Бунёдкор шоҳкўчалари кесишмасидан Алишер Навоий шоҳкўчаси бўйлаб Шароф Рашидов кўчасигача;
- Алишер Навоий шоҳкўчаси ва Шароф Рашидов кўчаси кесишмасидан шу кўча бўйлаб Афросиёб кўчасигача;
- Афросиёб кўчасидан шу кўча бўйлаб «Бунёдкор» метро бекатигача.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида Рамазон ойи кечаларидаги таровиҳ намози муносабати билан ҳар куни 18:00 дан 00:00 га қадар масжидлар яқинидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракати учун беркитилиши хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Тошкентнинг Олмазор туманида «Аждодлар матонати ва жасорати — авлодлар учун намунадир!» шиори остида 5,3 минг метрга оммавий югуриш марафони ўтказилади. Марафон пайтида Олмазор туманидаги бир неча кўчалар вақтинча ёпилади.
Изоҳ (0)