Бухорога қўшни давлатдан ноқонуний тарзда олиб кирилган қиймати жами 3,6 миллиард сўм бўлган автоэҳтиёт қисмлар сақловга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоя Божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Исмоилов хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона постида товар-моддий бойликларни турли яширин йўллар билан олиб киришга бўлган уринишларни бартараф этиш мақсадида назорат тадбири ўтказган. Тадбирда қўшни давлатдан мазкур чегара постга кириб келган барча юк автомашиналари белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилган.
Постда иккита юк автомашинаси ҳайдовчиларининг саросимага тушиши божхона ходимларини шубҳалантирган. Биринчи автоулов юкхонасида Ўзбекистондаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига олиб келинаётган ва юк кузатув кўрсатилмаган умумий қиймати 2,1 миллиард сўмлик, жами 746 дона аввал фойдаланишда бўлган автоэҳтиёт қисмлар борлиги аниқланган. Кейинги юк машинасидан эса ҳужжатларда қайд этилган товар-моддий бойликлар орасидан 1,5 миллиард сўмлик, жами 578 дона аввал фойдаланишда бўлган ва яшириб қўйилган автоэҳтиёт қисмлари топилган.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)