Андижонда уйланмоқчи бўлган қизини олиб қочган йигит ва унинг дўстлари 5,4 млн сўмдан жаримага тортилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят суди ахборот хизмати хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди судьяси Озодбек Неъматиллаевнинг айтишича, Жалақудуқ туманида яшовчи 28 ёшли йигит Б.Ж. қариндошининг қизи С.А.га совчи қўйган. Қизнинг ота-онаси совчиларга рад жавобини бергач, йигит икки нафар дўсти — Д.А. ҳамда А.К.лар билан бирга қизни отасига тегишли Damas’да ўғирлаб қочган.«С.А.нинг оиласи билан оилавий қариндошлигимиз бор. Уларнинг уйига меҳмонга борганимда қизни ёқтириб қолганман. Аммо қизга бу ҳақда айтмаганман. Шундай бўлса-да, у билан турмуш қуриш мақсадим бўлгани учун унинг уйига совчи юбордим. Лекин қизнинг ота-онаси бунга рози бўлмагач, қолаверса С.А.нинг Россияга кетишини эшитиб уни ўғирлаб кетишга қарор қилдим. Режани амалга ошириш учун ўртоқларим Д.А. ва А.К.лардан фойдаландим. Бўлиб ўтган ҳолат учун ундан ва оила аъзоларидан узр сўрайман», — дейди судда сўз олган Б.Ж.
Суд ҳукми билан судланувчилар — Ж.Б., А.Д. ҳамда А.К.лар Жиноят кодексининг 136-моддасига (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) асосан айбли деб топилиб, унларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, яъни 5,4 миллион сўмдан жарима жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)