Наврўз байрами муносабати билан 2022 йил 19 март куни соат 05:00 дан 21 март куни соат 00:00 га қадар Тошкент—Пискент 4P2 автомобиль йўлининг 29–35-километрларида (Нурафшон шаҳрига кириш ЙПХ постидан Нурафшон шаҳри Давлат хизматлари марказигача) вақтинча автомобиль ҳаракати чекланади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли транспортлари билан маҳаллага кириб чиқишлари учун шароит яратилади.
«Хавфсизликни таъминлаш ва умумхалқ байрамини кўтаринки кайфиятда ўтказиш учун йўл ҳаракати қатнашчиларидан чекловларни тўғри қабул қилган ҳолда, ЙПХ ходимларининг кўрсатмаларига қатъий амал қилишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2022 йилги Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Унга кўра, умумхалқ байрами мамлакатда «Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида кенг нишонланади. Президент фармонида барча ходимлар учун 22 март, сешанба ва 23 март, чоршанба кунлари дам олиш куни этиб белгиланган.
Ҳафтасига беш кун ишлайдиган ходимлар учун:
- 19 март, шанба — дам олиш куни;
- 20 март, якшанба — дам олиш куни;
- 21 март, душанба — Наврўз байрами, дам олиш куни;
- 22 март, сешанба — қўшимча ишланмайдиган кун;
- 23 март, чоршанба — қўшимча ишланмайдиган кун бўлади.
Изоҳ (0)