Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украина атрофида бўлаётган можаро юзасидан Ўзбекистон позициясини айтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Халқаро ҳамжамият эътибори Россия—Украина воқеаларга қаратилган. Бунга биз ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб муносабат билдирамиз.Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Украина ва Россия атрофидаги вазият бўйича «вазмин, нейтрал позицияда». «Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим», — деган президент матбуот котиби Шерзод Асадов Мирзиёев ва Путин ўртасидаги телефон мулоқоти юзасидан маълумот бериб.Ўзбекистоннинг Украина атрофидаги воқеаларга муносабати қуйидагича:
Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Биз бу масаланинг тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдоримиз. Бунинг учун биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур. Ҳозирги воқеалар бўйича муносабатимиз шуки, Ўзбекистон тарихан Россия ва Украина билан анъанавий, кўпқиррали ҳамкорликка эга. Биз бу мамлакатлар билан ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб ҳамкорлик қиламиз. Бир томондан Россия билан кенг, кўп қамровли ҳамкормиз. Иккинчи томондан Украина билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Масалан, 2021 йилда Украина билан савдо айланмаси ҳажми 704 миллион АҚШ долларига етди. Бу 2020 йилга нисбатан 60 фоизга юқори кўрсаткич.
Жорий йилда ҳам Тошкент ва Украинада бир қатор тадбирлар ўтказмоқчи эдик. Можародан олдин Тошкент—Киев йўналишида ҳафтада 4 тадан авиақатновлар амалга оширилаётганди.
Биз, албатта, ҳолатдан келиб чиқиб Украинага гуманитар ёрдам берамиз. Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаймиз. Ўзбекистон позицияси шуки, мамлакатимиз ҳеч қандай халқаро ҳарбий блокка қўшилмайди.
Абдулазиз Комилов
Аввалроқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркиянинг АNews телеканалига берган интервьюсида Украинадаги вазият юзасидан ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган.
«Биз жуда хавотирдамиз. Бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Аммо дунёдаги аксарият одамлар каби биз ҳам куч ишлатиш тўхтатилишини ва барча муаммолар сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилинишини хоҳлаймиз», — деган у.
Изоҳ (0)