25 январь куни соат 10:57 да Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олмаота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги «Дарё»га маълум қилди.
Таъкидланишича, бунинг натижасида Қирғизистон электр тармоғида, жумладан, Бишкек, Ўш, Жалолобод ва бошқа барча шаҳарларда электр энергия ўчиши кузатилган.
«Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Тошкент ИЭСи, Сирдарё ИЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган», — дейилади хабарда.
Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон ИЭСларининг ўчишига ҳам олиб келган. Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчган.
Ҳозирги вақтда қўшни давлат тармоқларидан узган ҳолатда ҳар бир ИЭСларни алоҳида ишга тушириб, босқичма-босқич тармоқларни улаб, ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.
Авария тавсилотлари бўйича қўшимча равишда ахборот берилади.
Аввалроқ 25 январь куни соат 11:00 ларда Тошкентнинг кўплаб туманларида электр энергияси таъминоти узилгани тўғрисида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, электр энергияси Юнусобод, Чилонзор, Олмазор, Яшнобод, Бектемир, Миробод, Шайхонтоҳур ва бошқа қатор туманларда ўчган.
Изоҳ (0)