16 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи арафасида ушбу мамлакат пойтахти Сеул шаҳри марказида шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бюсти очилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказ матбуот хизматининг хабар беришича, тантанали тадбирда ушбу марказ директори, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, Олий Мажлис депутати Виктор Пак, шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйди.
Бугунги кунга қадар Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе каби шаҳарларда Алишер Навоийга ёдгорлик ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 16 декабрь куни Сеулга борди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Сеулда бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон–Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилади. Энг аввало, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, инновациялар ва юқори технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Миллий ассамблеяси раҳбарияти, ушбу мамлакатнинг энг йирик компания ва банк-молия институтлари вакиллари билан учрашади.
Ташриф 18 декабргача давом этади ва унинг якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.
Мавзуга доир: Нур-Султон шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади
Изоҳ (0)