Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги «Indenim» савдо мажмуасида 7 декабрь тонгида кучли портлаш юз берган эди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. «Дарё» мухбири Денов туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, даволанаётган жабрланувчилар билан суҳбатлашди.

Савдо мажмуасида иш бошлаганига 7 декабрь куни икки ой тўлган Абдулла Дўлановнинг айтишича, портлаш юз берган вақтда бинода етти киши бўлган. «Савдо марказининг иккинчи қаватидаги хоналарда уч киши ётгандик. Соат тахминан 2 ё 3 ларда портлаган. Уйғонсам, бошимдан қон кетяпти, оёғим бетон бўлаги остида қисилиб қолган, шеригим эса бақириб ёрдамга чақиряпти», — деб эслайди у.

Абдулла Дўланов.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Расман эълон қилинган дастлабки тахминларга кўра, нохуш ҳодиса газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган. Айни вақтда, Абдулла Дўлановнинг сўзларига кўра, «газ умуман чиқмаган — ҳиди чиқса, сезган бўлишарди». Унинг таъкидлашича, мажмуада ишчилар учун ошхона бор эди, унда газ-баллондан фойдаланилмасди.

Ислом Остоноқулов ва унинг рафиқаси Феруза Омонова 2021 йил апрелидан бери Термиздан Деновга келиб, ушбу савдо мажмуасида ишларди. Ислом Остоноқулов портлашдан кейинги дастлабки дақиқалардаги воқеалар «тушида бўляпти» деб ўйлаган; у ўзининг аҳволи яхшилигини айтади, бироқ турмуш ўртоғининг аҳволи оғир (аёлини қутқариш лаҳзаларини эсларкан, кўзидан беихтиёр ёш чиқиб кетади).

Ислом Остоноқулов.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

«Оёғим устида бетон бўлаги бор экан. Атрофдаги одамларни кўриб, бақириб уларни ёрдамга чақирдим — овозим чиқмадими ё улар эшитмадими, дарров кела қолишмади. Келишгач, уларнинг ёрдами билан амаллаб чиқиб олдим. Кейин бақириб, ёрдамга чақираётган хотинимнинг олдига бордик. Уни бетон босган, калласи йиртилиб ётибди, сочларини бетон бўлаклари қисиб қолган экан, жуда қийин аҳволда эди», — дейди у.

Ўринбой Саидов.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Тан жароҳати олганларнинг ҳаммаси ҳам савдо мажмуасидагилар эмас. Ўринбой Саидов мажмуа ёнидаги сомсахонада ишлайди. Портлаш юз берган вақтда у мажмуа ёнидан ўтиб, ҳовли томон чиқиб бораётган бўлган. «Бирдан кучли шамол турди ва мени йиқитди. Ерда ётибман, туролмайман. Тураман десам, оёғим синган экан — нимадир тегиб, синдирибди, ўзим ҳам билмаганман», — дейди у.

Фото: «Дарё» / Аслиддин Эшонқулов

Савдо мажмуасидан тахминан 80—100 метр масофада жойлашган алоқа оператори шохобчасининг қўриқчиси Камолиддин Раҳимов портлаш юз берган вақтда уйғоқ, телефонида ўйин ўйнаб ўтирарди. «Қисқа фурсатда юз берган гумбурлаш овози ва зарбини сўз билан тушунтириб беролмайман. Бир-икки дегунча содир бўлди-да. Портлаш зарбидан биноимизнинг ойналари синиб кетди», — дейди у.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев