Бухоро вилояти, Олот чегара божхона постида 2,7 миллиард сўмлик озон емирувчи моддалари бўлган 3 турдаги 1290 дона фреон газ баллонларини яширинча олиб ўтишга уринган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Исмоилов маълум қилди.
Таъкидланишича, Олот чегара божхона постида фуқаро М.Ж. бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси амалдаги қонунларга мувофиқ тарзда назоратдан ўтказилган. Унда қиймати 21 минг долларни ташкил қилган 21,7 тонна оғирликдаги таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган 3 турдаги 1290 дона фреон газ баллонлари ортилгани аниқланган. Товарларни кўздан кечириш жараёнида мазкур фреонларнинг қадоқларидаги 22 рақами қўлбола тарзда ёпишқоқ ёрлиқлар кўмагида 134-а рақамига ўзгартирилгани аниқланган.
«Хлордифторметан-Р-22» моддасини ҳужжатларда гўёки «Тетрафторетан 134-а» тарзида кўрсатиш орқали юк эгаси ушбу товарларни Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномаларсиз олиб кирмоқчи бўлган.
«Айни пайтда қиймати 2,7 миллиард сўмлик 1290 дона фреон газ баллонлари вақтинчалик сақловга олинди. Ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди Жавоҳир Исмоилов.
Мавзуга доир:
- Қозоғистонлик бизнесменлар Ўзбекистон олиб кираётган контрабанда товарлардан шикоят қилмоқда
- Шавкат Мирзиёев Париж—2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича қарорни имзолади
- ДХХ Жиззах, Андижон ва Тошкент вилоятларида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган бир неча хориж фуқароларини қўлга олди