Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи 2017 йилдан бери катта қурилиш майдонига айланган. 2020 йилнинг майида боғнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига туташ қисмида Адиблар хиёбони ташкил этилди, ҳудуддаги Алишер Навоий ҳайкали ҳам хиёбонга мослаб қайта ўрнатилди. 2021 йил июнида эса собиқ Миллий боғ ўрнида салкам тўрт йил қурилган Magic City аттракционлар парки очилди. Бу орада, 2021 йилнинг апрелида Миллий боғнинг бошқа чеккасида жойлашган ва Корхоналарни соғломлаштириш маркази сифатида фойдаланиш учун тўлиқ таъмирдан чиқарилган «Наврўз» тўйхонаси кутилмаганда бузила бошланди.

Жамоатчилик эътирозларидан сўнг Тошкент ҳокимлиги баёнот бериб, Миллий боғда Навоий номидаги ижод мактаби, Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, Миллий драма театрининг янги биноси, япониялик машҳур архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Санъат музейининг намойишлари комплекси, 1,5 миллион дона китоб фондига эга улкан кутубхона қурилиши бошланганини билдирди (қайд этиш жоиз, президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил охирида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Тошкент марказида ҳақиқатан ҳам юқоридагиларни ўз ичига олган «маданият ва маърифат мажмуаси барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланиши»ни эълон қилган эди).

«Наврўз» тўйхонаси ўрнида қуриладиган «улкан кутубхона»нинг президент Шавкат Мирзиёевга 2021 йил июнь ойида кўрсатилган лойиҳаси.

«Наврўз» тўйхонаси ўрнида қуриладиган «улкан кутубхона»нинг президент Шавкат Мирзиёевга 2021 йил июнь ойида кўрсатилган лойиҳаси.
Кадр: «Ўзбекистон 24»

Бузиб ташланган «Наврўз» тўйхонаси ўрнида қад ростлайдиган бино — «улкан кутубхона» лойиҳаси июнь ойи бошида президентга кўрсатилгани маълум қилинди. Айни вақтда, «маданият ва маърифат мажмуаси»даги бошқа бинолар — ижод мактаби, Миллий театрнинг янги биноси, Санъат музейининг янги комплекси қаерда қурилиши ошкор этилмаган эди. Куни кеча Миллий боғнинг Олий Мажлисга туташ қисмидаги сунъий кўл ўрнида бир неча ойдан қурилишга тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани маълум бўлди — бунга ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътибор қаратган. Тармоқда мавжуд сунъий йўлдош суратларига қараб хулоса қилинса, кўлда сув охирги марта 2019 йил октябрь ойида бўлган, қурилиш техникаси эса камида бир йилдан бери мавжуд.

Сунъий йўлдош тасвирлари Google Earth Pro орқали олинди
Қурилиш жойида бўлиб қайтган «Дарё» мухбирининг қурилиш раҳбари Бахтиёр Исаевга таяниб маълум қилишича, Олий Мажлис биносининг орқа қисмида жойлашган сунъий кўл ва унинг атрофидаги уч гектарлик майдонда театр биноси қурилади. Қурувчининг сўзларига кўра, бу ерда дастлаб Ўзбек миллий драма театрининг янги биноси қурилиши кўзда тутилган, кейинроқ режалар ўзгарган.

Бахтиёр Исаев.

Бахтиёр Исаев.
Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ҳали қурилишнинг проекти йўқ, фақат концепция тузилган, раҳбарларимиз кўриб чиқмоқда. Опера театри қурилиши маълум, президентимиз келиб, опера театри қуриш ҳақида фикр билдирдилар. ‘Олдига албатта фаввора қилинглар, чунки бу ерда сув бўлган’, деб айтдилар», — деди қурилиш раҳбари Бахтиёр Исаев.

«Биз Маданият вазирлиги билан маслаҳат қилдик. Шунингдек, Ўзбек миллий драма театрига бориб, барча артистлар билан кўришиб, гаплашдик. Уларнинг ҳамма таклифларини ёзиб олдик. Театри проектини италияликлар мутахассислар тайёрлаяпти», — деди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган мутахассис.

Қурилиш ишлари қачон бошланиб, қачон якунига етиши ҳозирча аниқ эмас. «Ернинг контури бор, шуни тайёрлаяпмиз. Ҳали пойдевор ётқизиш учун чуқур (котлован) қазиш қазиш ишлари бошлангани йўқ. Президентимиз келганларида ‘шошилманглар, чиройли қуринглар’, деб кетдилар», — дея қўшимча қилди Бахтиёр Исаев.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, 1200 ўринга мўлжалланган театр биносини қуриш ишлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Enter Engineering компаниясига берилган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Сингапурда рўйхатдан ўтган Enter Engineering’нинг 51 фоиз улушига Кипрнинг Klintworth Investmentс компанияси, 19 фоизига эса Россиянинг «Газпромбанк»и эгалик қилади. Компания Ўзбекистондаги аксарият катта қурилишларда иштирок этмоқда.

Маълумот учун, ноябрь ойи бошида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Санъат музейининг янги биноси қандай кўринишда бўлиши акс этган концепт-суратларни эълон қилган. Унда музей биноси Халқлар дўстлиги санъат саройининг орқа қисмида, Абулқосимхон мадрасаси ёнида жойлашишини кўриш мумкин — рендерларда Олий Мажлис биноси ортидаги кўл суви билан кўрсатилган (аввалроқ ушбу янги бино Санъат музейининг эски биноси ёнида қурилиши маълум қилинган эди).

Санъат музейининг янги биноси лойиҳаси.

Санъат музейининг янги биноси лойиҳаси.
Фото: Маданият ва санъат жамғармаси / «Gazeta.uz»

Изоҳ
Асосий янгиликлар