Фарғона вилоятида «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи»га тегишли йўловчи ташувчи автобус ёниб кетди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг «Дарё»га маълум қилишича, ҳодиса 2021 йилнинг 22 октябрь куни соат 23:00 атрофида Фарғона шаҳар, Саноат кўчаси 240-уйда жойлашган завод ҳудудида содир бўлган.
Таъкидланишича, бошқарманинг тезкор бошқарув марказига 22 октябрь куни соат 23:08 да заводнинг кириш йўлаги яқинида ҳаракатланиб кетаётган Isuzu русумли автобуснинг мотор ва салон қисмида ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 3 дақиқадан сўнг вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув гуруҳлари етиб келган. Соат 23:12 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 23:16 да тўлиқ бартараф этилган.
Автобус ёниб кетишига двигатель бўлинмасидаги қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ёнғин содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.
Бундан аввал Тошкентда ҳаракатланаётган Matiz’да ёнғин келиб чиққани, Тошкентда Lacetti билан тўқнашган Nexia ёниб кетгани ҳамда Самарқандда MAN юк машинасида ёнғин чиқиб, 25 тонна полиэтилен рулон ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)