ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри аҳоли билан учрашувда пойтахт мактабларидаги таълим сифати ва болалар тарбияси масаласига тўхталиб ўтди , деб хабар беради «Дарё» мухбири.
Давлат раҳбари айрим шаҳар мактабларида битта синфда 45-50 тагача бола ўқиётганидан, давлат боғчасига фарзандини бераман деб, ойлаб, ҳатто йиллаб навбат кутаётган оилалар ҳам борлигидан яхши хабардор эканини маълум қилган.
Шу сабаб Шавкат Мирзиёев фарзандларини хусусий боғча ва мактабга берган ота-оналарга енгилликлар бериш таклифини билдирган. Унинг сўзларига кўра, энди хусусий мактаб ва боғчалар учун, ойлик 3 миллион сўмгача тўловдан даромад солиғи олинмайди, «бу – ҳар бир фарзанд тўловидан ойига 400 минг сўмгача маблағ рўзғорда қолади, дегани».
«Қанча қурилиш керак бўлса, қилиб берамиз, лекин мени безовта қилаётган асосий масала, бу – пойтахт мактабларидаги таълим сифати ва болаларимиз тарбияси. Мисол учун, Олмазор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Бектемир туманларида олийгоҳларга кириш даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан паст. Айниқса, Шайхонтоҳурда 5 та ва Олмазорда 4 та мактаб битирувчиларининг бор-йўғи 5-6 фоизи олийгоҳларга кира олган.
Шу билан бирга, пойтахт мактабларида ўқувчиларга касб-ҳунар бериш ишлари ҳали тизимли йўлга қўйилгани йўқ. Бундан ташқари, 23 минг нафар педагогларнинг ярмидан кўпи малака тоифасига эга эмас. Пойтахтда таълим сифатини яхшилаш мақсадида, Тошкент тажрибаси яратилади», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Бунда:
- ҳар бир туманга хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиб, «Илғор таълим» педагогларни ўқитиш маркази ташкил қилинади;
- энг замонавий методикалар ва дастурлар асосида, 23 мингдан зиёд педагогларнинг малакаси оширилади;
- барча чет тиллари ва ИТ ўқитувчилари келгуси уч йилда, халқаро сертификатлар олади.
«Шу мақсадда, мактабларда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашадиган алоҳида лавозим киритилади. Улар, касбга ўргатишнинг янги тизими асосида, 9-11 синф ўқувчиларини турли корхоналарда 3 ой давомида иш ўрганишини ташкиллаштиради. Бунда, касб ўрганаётган ўқувчиларга иш ҳақи давлат томонидан тўланади», — дея таклиф билдиради Президент.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти учун малакали педагог кадрларни тайёрлаш квоталари икки баробарга оширилишини маълум қилганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)