29 сентябрь куни Чешир графлигидаги Shell ёнилғи қуйиш шохобчасида дунёга машҳур футболчи Криштиану Роналду томонидан яқиндагина харид қилинган қора Bentley Flying Spur кўриниш берди. Маълум қилинишича, Bentley шохобчага соат 14:00 ларда кирган ва унинг ҳудудини кечки соат 21:00 ларда тарк этган. Шунча вақт кутганига қарамай, Буюк Британияда кузатилаётган ёнилғи танқислиги сабаб машина ёнилғисиз қолган, деб хабар беради Motor.
Уилмслоу шаҳарчасида ёнилғи қуйиш шохобчасига Bentley билан бирга футболчининг одатда тан соқчилари ҳаракатланадиган кумушранг Range Rover ҳам кириб келган. Шохобчада «Манчестер Юнайтед» ўйинчисининг ўзини кўришмаган, аммо Роналду оиласи билан станция яқинидаги ҳашаматли уйда яшаётгани маълум.
Кейинроқ Range Rover шохобчадан кетган, Flying Spur эса ёмғир остида етти соат бензовоз келишини кутган, аммо у келмаган. Таъкидланишича, бензовоз келган тақдирда ҳам Роналдунинг ҳайдовчиси максимум 30 фунт стерлингли ёнилғи қуя олган бўларди: Shell инглизлар ортиқча ёнилғи олмаслиги учун вақтинча чекловларни жорий этган.
«Пулларига қарамай, Роналду биз билан бир қайиқда қолди», — деб ёзади сурат муаллифи.
Қиймати 2,2 миллион доллар турувчи Bentley Flying Spur модели яқинда футболчининг автопаркидан ўрин олди. Унинг коллекциясида ҳозирда Ferrari, Lamborghini, McLaren, иккита Rolls-Royce, Porsche 911 Turbo S, Koenigsegg CCХ, Bentley Continental, Range Rover ҳамда бир нечта Mercedes-Benz ва Audi моделлари мавжуд. Шунингдек, унинг учта Bugatti гиперкари бор: Veyron Grand Sport, Chiron ва 10 нусхада ишлаб чиқарилган Centodieci’лардан бири.
Изоҳ (0)