Аҳоли каламушлар уларнинг буюмларни кемираётгани ва касаллик тарқатаётганидан хавотирда. Исроил ҳужумлари сабабли Ғазода 2 миллиондан ортиқ аҳолининг аксарияти ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ҳозирда улар вайрон бўлган уйлар ёки вақтинчалик чодирларда ҳаёт кечирмоқда.
Хон Юнусдаги лагерда яшовчи 20 ёшли Амани Абу Селми тўйидан бир неча кун олдин кемирувчилар унинг кийимлари ва маросим буюмларини кемириб ташлаганини айтди. У тўй учун кийиладиган кашта тикилган кўйлагида тешикларни аниқлади.
“Хурсандчилигим қайғуга айланди. Тўй буюмларимдан айрилдим”, деди у.
Чодирда яшовчи Ҳалил ал-Машҳаравийнинг сўзларига кўра, каламуш 3 ёшли ўғлининг қўл ва оёқларини тишлаб олган. 24 апрель куни унинг ўзини тишлаган. У рафиқаси билан тунда навбатчилик қилиб, болаларни каламушлардан ҳимоя қилаётганини айтди.
“Улар бизга уйқуда бўлган пайтимиз ҳужум қилади. Каламушлар бир-икки кун ғойиб бўлиши мумкин, кейин яна кўриниш беради”, деди Ғазо шимолидаги Туффа маҳалласидаги харобаларда оиласи билан яшайдиган 26 ёшли Ал-Машҳаравий.
“Тунда ухлай олмаймиз! Агар ухласак, болаларни тишлайди, бизни безовта қилади. Сассиқкўзан ва каламушлар жуда кўп. Бунга чидаб бўлмайди. Каламушлар кийимларимизни тешиб, унимизни еди”, дейди Ғазо шаҳридаги чиқинди полигони ёнида тўрт нафар фарзанди билан яшайдиган Ризқ Абу Лайло.
Фото: BBCФото: Al JazeeraФото: Middle East Eye
Ғазодаги “Ал-Шифа” шифохонаси раҳбари Муҳаммад Абу Селмиянинг айтишича, ёз яқинлашаётгани ва Исроилнинг зараркунандаларга қарши кураш воситаларини тақиқлаши фонида муаммо янада кучайиши мумкин. Исроил одатда икки томонлама ҳарбий ёки фуқаролик мақсадларида ишлатилиши мумкин бўлган буюмларнинг Ғазога киришини чеклайди.
Исроил ҳарбий идораси (COGAT) санитария муаммосини ҳал қилиш учун сўнгги ҳафталарда анклавга қарийб 90 тонна зараркунандаларга қарши курашиш воситаси ва 1000 дан ортиқ қопқонлар олиб киришни маъқуллаган.
“Шифохоналарда ҳар куни кемирувчилар билан боғлиқ ҳолатлар туфайли мурожаат қилаётган беморлар, айниқса болалар ва кексалар қайд этилмоқда”, деди Абу Селмия.
У каламуш тишлаганидан сўнг иситма, лептоспироз (инфекцион касаллик) ва ҳатто ўлат каби хавфли касалликлар тарқалиши борасида ҳам хавотирлар мавжудлигини айтди.