Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистонда карантин талабларини қисқартириш орқали аҳолига маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Хусусан, тегишли мутасадди ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2021 йил 20 сентябрдан бошлаб мамлакатда томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари), оммавий тадбирлар ва йиғилишларни очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилган.
Маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказишда қуйидаги карантин чекловларига риоя этиш талаб қилинади:
- маданий-кўнгилочар объектлар (театр, кинотеатр, концерт заллари) ишчи ва ходимлари ҳамда оммавий тадбирлар ташкилотчилари ва хизмат кўрсатувчилари бўлган шахслар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмлангани тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлиши лозим;
- тиббий ниқобда бўлиш;
- антисептик воситалардан фойдаланиш;
- кириш жойларида тана ҳароратини ўлчаш каби муҳим санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этишлари шарт.
Эслатиб ўтамиз, август ўрталарида Ўзбекистонда президент сайлови муносабати билан айрим оммавий тадбирлар ўтказилишига рухсат берилганди.
Изоҳ (0)