Тошкентда 18 ёшли йигит ижарага олинган хонадонда нарколаборатория ташкил қилгани аниқланди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалида маълум қилинди.
Унда айтилишича, 8 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББга Миробод туманидаги хонадонлардан бирида синтетик наркотик воситалари тайёрланаётгани ҳақида хабар келиб тушган. «Қорадори-2021» тадбири доирасида ўтказилган тезкор тадбирда айтилган манзилга борилганда ҳақиқатда ҳам ушбу хонадонда «Тезлик» номли синтетик модда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аниқланган.
Йигит хонадонни 2 ой олдин 400 долларга ижарага олган. Гиёҳванд модда учун эритма Қозоғистондан келтирилган. У эритмаларни қайнатиб, совитган, кейин уларни турли идишларга солган. Шундан сўнг тайёр товар гаров сифатида Тошкентнинг турли жойларига яширилган. У ердан номаълум шахслар уни олиб кетган. Шундай қилиб йигит 2 ой давомида, тахминан, 7 литр хом ашёдан синтетик наркотик воситалари тайёрлаган. Ушбу жараённинг барча аъзолари фақат Telegram орқали мулоқот қилган.
Йигитнинг сўзларига кўра, унинг ота-онаси ўзига тўқ одамлар, у ҳеч қачон бирор нарсага муҳтож бўлмаган. Аммо ўзи пул топишни, иложи бўлса, бу тез ва кўп бўлишини хоҳлаган. У қилган ишидан пушаймонлигини, агар бу ишни тўхтата олганида аллақачон тўхтатган бўлишини билдирган.
Хабарда айтилишича, энди у қилган иши учун қонун олдида жавоб беради
Изоҳ (0)