Қозоғистон 2027 йилда Россия электр энергиясидан воз кечади
Қозоғистон 2027 йилдан бошлаб Россиядан электр энергияси импорт қилишни тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимхонов матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, агар режалаштирилган барча энергетика объектлари муваффақиятли ишга туширилса, Россия етказиб берадиган электр энергиясидан бутунлай воз кечиш мумкин бўлади. Бунинг учун атом электр станцияси қурилиши якунланишини кутиш шарт бўлмайди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Қозоғистонда 123,1 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Мамлакатдаги истеъмол эса 124,6 миллиард кВт соатни ташкил этган. Шунингдек, Есимхонов Қозоғистон Россиядан сотиб олинган электр энергиясининг бир қисмини Қирғизистонга қайта экспорт қилишини ҳам қайд этди.
Россия ўрнига Сингапур танланди
Апрель ойи бошида Самрук-Энерго холдинги бошқаруви раиси Ғайрат Мақсутов муҳим
баёнот берганди. Унга кўра, Қозоғистон учта иссиқлик электр станциясини қуриш учун Россияни эмас, балки Сингапурни пудратчи сифатида танлаган. Мазкур иншоотлар Семей, Уст Каменогорск ва Кўкчатов шаҳарларида барпо этилади.
Кўкчатов шаҳрида қурилиш ишлари аллақачон Россия иштирокисиз бошлаб юборилган. Расмийлар бунга Россия томонидан имтиёзли молиялаштириш бўйича кафолатлар берилмаганини сабаб қилиб кўрсатган.
Миллий лойиҳа ва янги қувватлар
Қозоғистонда кўмирда ишлайдиган электр энергетикасини ривожлантириш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий лойиҳа қабул қилинган. Унда саккизта янги электр станциясини ишга тушириш ҳамда яна 11 тасини модернизация қилиш кўзда тутилган. Лойиҳадан кутилаётган асосий мақсад электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва унинг самарадорлигини оширишдир.
2025 йилда Россия ва Қозоғистон мамлакатдаги илк атом электр станцияси қурилишини бошлади. Унинг 2035–2036 йилларда ишга туширилиши режалаштирилган. Остонада жами учта АЭС қурилиши режалаштирилган бўлиб, улардан бирини Хитой
барпо этади.