Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтининг фолклор бўлими мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев 65 ёшида вафот этди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.
Маматқул Жўраев 1956 йил 1 октябрда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. 1978 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – филолог, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. 1987 йили филология фанлари номзоди, 1997 йили филология фанлари доктори илмий даражасини олган.
Ижодкор «Сеҳрли рақамлар сири», «Ўзбек халқ эртакларида сеҳрли рақамлар», «Эл деса Навоийни», «Наврўз», «Ипак йўли афсоналари», «Ўзбек халқ тақвими ва мифологик афсоналар», «Ўзбек халқ самовий афсоналари», «Ой олдида бир юлдуз», «Миф, фолклор ва адабиёт» сингари 30 дан ортиқ монография ва китоблар муаллифи.
Маматқул Жўраев «Шуҳрат» медали, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.
Аввалроқ Ёзувчи Дадахон Нурий 78 ёшида, ёзувчи Ғаффор Ҳотамов 68 ёшида, машҳур спорт журналисти ва ёзувчи Владимир Сафаров 82 ёшида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)