Google компанияси Android телефонларни юз мимикалари — табассум ёки қошни кўтариш орқали бошқариш имконини берадиган янги функцияни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Camera Switch функцияси Android 12’нинг тўртинчи бета-версиясида Andoird Accessibility Suite дастурида пайдо бўлган — ушбу дастур аввалига кўриш қобилиятида нуқсони бор фойдаланувчилар учун мўлжалланган эди. Дастурнинг янги версияси ҳозирда Google Play’да йўқ, бироқ дастурчилар учун мўлжалланган APK-файл мавжуд.
XDA Developers’дагиларнинг сўзларига кўра, юз ифодаси орқали қатор бошқарув элементларидан, хусусан, саҳифаларни айлантириш, бош экранга қайтишдан тортиб, хабарномаларни кўришгача фойдаланиш мумкин. Эълон қилинган скриншотларга кўра, фойдаланувчининг ўзи тасодифий фаолликлардан қочиш мақсадида юз ифодасининг «ўқилиши»ни созлайди.
«Функция қизиқарли, аммо у кўплаб батарея қувватини талаб қилиши мумкин», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Google Android-дастурлар форматини ўзгартириши, Google компанияси Ўзбекистонда Android’лар учун сейсмографни ишга тушираётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)