Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Дўстлик» ордени соҳиби Муҳаммад Рафиқов 81 ёшида пневмония касаллиги билан вафот этди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга Муҳаммад Рафиқовнинг қизи Феруза Рафиқова маълум қилди.

Фото: «Дарё»

«Дадам раҳматли 10 кундан буён пневмония ташхиси билан шифохонада даволанаётгандилар. Бугун ёруғ оламни тарк этдилар», — дейди Феруза Рафиқова.

Жаноза намози 12 август соат 11:00 да Муҳаммаджон Рафиқовнинг Бухоро шаҳар, Шарқ 1-мавзеда жойлашган хонадонида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Муҳаммад Рафиқов «Бобур» телефильмида Шайбонийхон, «Амир Музаффархон»да Музаффархон, «Ҳаким ва ажал» видеофильмида Ибн Сино, «Имом ал-Бухорий» сериалида ал-Бухорий, «Соҳибқирон» сериалида Амир Темур, «Шайтанат» сериалида Абдураҳмон табиб, «Қўқон шамоли» фильмида Шайх ул-ислом каби ролларни маҳорат билан ижро этган.