Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов 2 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Шавкат Мирзиёев «масъулиятли фуқаро сифатида вакцина олгани»ни маълум қилган эди. «Ўша вақтда Ўзбекистонда учта вакцина — ZF-UZ-VAC-2001, AstraZeneca ва ‘Спутник V’ рўйхатдан ўтган эди. Президентимиз шу вакциналардан бири билан тўлиқ эмланганлар», — дея маълум қилганди Асадов.

Кейинроқ 5 август куни бош вазир Абдулла Арипов ZF-UZ-VAC-2001 вакцинаси билан Ўзбекистонда оммавий эмлаш жараёни бошланишидан аввалроқ, биринчилардан бўлиб — 2021 йил бошида тўлиқ эмланиб бўлгани маълум бўлди. Бунгача ҳам ҳукуматнинг бир қатор аъзолари, ҳокимлар, депутатлар ва бошқа амалдорлар эмлангани ҳақида хабарлар берилган, аммо маълумотлар тўлиқ эмас.

«Дарё» мамлакатдаги 14 та энг йирик ҳудуд етакчилари — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарларининг эмланганига доир маълумотларни бир саҳифага жамлади. Очиқ маълумотлар ва ҳудудий ҳокимлик органлари берган ахборотга кўра, шу вақтгача камида тўрт ҳоким коронавирусга чалинган, айнан шу сабаб билан уларнинг икки нафари ҳали ҳам эмланмаган. Эслатиб ўтамиз, 7 август ҳолатига кўра Ўзбекистонда 6,82 миллиондан ортиқ одам вакцинация жараёнига қамраб олинган.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини апрель ойида қабул қилган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манучеҳр Мирзаевнинг «Дарё»га маълум қилишича, Турдимов ҳокимликнинг барча ходимлари сингари Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов вакцинация жараёнини тўлиқ ўтказиб бўлган. Вилоят ҳокимлиги масъулларининг «Дарё»га маълум қилишича, ҳоким май—июнь ойларида коронавирусга қарши эмланган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев июнь—июль ойларида ZF-UZ-VAC-2001 вакцинаси билан тўлиқ эмланган. Қайд этиш жоиз, у апрель ойида коронавирусга чалинган эди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 17 июль куни ZF-UZ-VAC-2001 ўзбек-хитой вакцинасининг 2-дозасини қабул қилиб, бошқаларни ҳам вакцина олишга чақирган эди. Ўшанда ҳокимнинг ҳақиқатан ҳам ўзбек-хитой вакцинасини билан эмлангани ва умуман вакцина қабул қилгани шубҳа остига олинди, бироқ кейинроқ бу тахминлар рад этилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан тўлиқ эмланган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, ҳоким вакцинанинг биринчи дозасини 25 июнь куни олган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов июль ойи ўрталарида Россиянинг «Спутник V» вакцинасининг биринчи дозаси билан эмланган. Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсуповнинг таъкидлашича, ҳоким яқин кунлар ичида вакцинанинг 2-дозасини қабул қилади (қайд этиш, Ўзбекистонда ҳозирда «Спутник V»нинг иккинчи дозаси қолмагани айтилмоқда).

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов ҳам коронавирусга қарши эмланган. Жўқорғи Кенгес матбуот котиби Байрам Айтмуратовнинг «Дарё»га маълум қилишича, «Мурат Камалов коронавирусга қарши юртимизда тан олинган вакциналардан бири билан эмланган».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланган. У 5 июль куни вакцинанинг биринчи дозасини, 27 июль куни эса иккинчи дозасини олган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 16 июль куни коронавирусга қарши вакцина билан эмланган. Унга қандай вакцина қўлланилгани маълум қилинмаган.

Фото: Telegram / @ermanov_f

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов «Спутник V» вакцинаси билан тўлиқ эмланган. У 18 июль куни вакцинанинг иккинчи дозасини қабул қилган.

Фото: Telegram / @navoiuz_official

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев 31 июль куни АҚШдан келтирилган Moderna вакцинасининг биринчи дозаси билан эмланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов 2 август куни COVID-19 га қарши эмланди. Ҳокимлик ахборот хизмати Ҳидоятовнинг айнан қайси вакцина эмланганини очиқламаган, аммо хизмат эълон қилган видеода Moderna’нинг флаконидан суюқлик олинаётганини кўриш мумкин. Қайд этиш жоиз, Тошкент вилояти ҳокими июль ойи бошида коронавирусни бошдан кечирган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов июнь ойи охирида коронавирусга чалингани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Баҳроновнинг «Дарё»га маълум қилишича, энди ҳоким коронавирусга қарши 6 ойдан сўнг эмланади.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Жиззах вилояти ҳокимлигидан «Дарё»га маълум қилишларича, вилоят ҳокими Эргаш Солиев ҳали коронавирусга қарши эмланмаган эди; қўшимча қилишларича, ҳоким яқинда коронавирусга чалинган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман