Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати 7 август куни Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва ҳудудий санитария-эпидемиология хизматларга 9 августдан бошлаб аҳолини фақат ZF-UZ-VAC-2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан эмлаш ҳақида кўрсатма хати чиқарди. Хат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иммунизация ишлари бўйича раҳбари Дилором Турсунова номидан чиқарилган.

Хатда 9 августдан бошлаб ҳамма эмлаш пунктларида захирадаги ZF-UZ-VAC-2001 ўзбек-хитой вакцинасини фақат 1-доза билан эмлашга ишлатиш, алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар аҳолини ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг 2-доза ва 3-дозалари билан эмлашни вақтинча (бир ҳафта давомида) тўхтатиш, захирадаги ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасини аҳолини 1-доза билан эмлаш учун тўғри режалаштириб ишлатиш ҳақида кўрсатма берилган.

Фото: Telegram

Республика санитария-эпидемиология хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров «Дарё» мухбири билан суҳбатда кўрсатма хатининг ҳақиқийлигини тасдиқлади. «Буни тўғри қабул қилиш керак. Аҳолини режа билан эмламасак, эртага жараённи ўзимиз ҳам тартибга сололмай қолишимиз мумкин. Шуни инобатга олиб, жараённи режага тушириб олмоқчимиз, бу ерда бошқа масала йўқ», — деди ташкилот вакили.

ССВ иммунизация ишлари бўйича раҳбари Дилором Турсунов ҳам кўрилаётган ушбу вақтинча чорадан кўзланган мақсад «ҳисоб-китобларни тўғрилаб олиш» эканини таъкидлади. «Жумладан, вакцинанинг 2 ва 3-дозасини олиши кўзда тутилган фуқароларнинг барини саралаб олиш учун бир ҳафта муҳлат бердик. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, биринчи эмлаш рақамлари жуда катта, аммо иккинчи эмлаш суръати биринчисидан уч баробар паст. Шу боис ҳам биз ҳамма рақамларни тўғрилаб, жараённи тўғри режалаштириб олишимиз керак», — деди у «Дарё»га берган изоҳида.

ССВ маълумотларига кўра, 7 август ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 10 025 266 доза вакцина қўлланилган — 1-босқичда эмланганлар сони 6 829 079 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 2 308 175 киши — биринчи босқичда эмланганларнинг 33 фоизи — кейинчалик (ZF-UZ-VAC-2001, «Спутник V» ёки AstraZeneca вакцинасининг) 2-дозаси билан эмланган. Иккинчи босқичдан ўтган 2,3 миллион киши орасидан 887 972 нафари эса якунда (ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг) 3-дозасини қабул қилган.

Қайд этиш жоиз, ZF-UZ-VAC-2001 Ўзбекистонда энг кўп қўлланилаётган вакцина ҳисобланади. ССВ маълумотларига кўра, 2—6 август кунлари Ўзбекистонда 1 544 882 вакцина қўлланилган бўлса, шунинг 52 фоизи ўзбек-хитой вакцинасидир. Яна бир рақам — 2 август бутун Ўзбекистон бўйича жами 243 493 киши биринчи марта коронавирусга қарши эмланган, уларнинг 87 фоизи айнан ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасини қабул қилган.

2021 йил 2 август ҳолатига кўра коронавирусга қарши эмлаш кўрсаткичлари.

Фото: Telegram

Вакцина етмай қолиши мумкин

Ўзбекистонга ҳозиргача жами 14 580 060 доза вакцина (370 минг доза «Спутник V», 710 минг доза AstraZeneca, 10,5 миллион доза ZF-UZ-VAC-2001, 3 миллион 60 доза Moderna) олиб келинган бўлиб, ҳозиргача унинг салкам 69 фоизи қўлланиб бўлинган, 7 август ҳолатига кўра захирада 4 554 794 вакцина қолган. Уларнинг қанчаси ўзбек-хитой вакцинаси-ю, қанчаси Moderna экани ҳақида очиқ ва аниқ маълумотлар йўқ, фақат тахминий ҳисоб-китоб қилиш мумкин.

Хусусан, ССВ маълумотларига кўра 2—6 август кунлари қўлланилган 1 544 882 дона вакцинанинг 731 967 дозаси АҚШдан келтирилган Moderna’дир. Агар ушбу вакцинани қўллаш айнан 2 августдан бошланган деб ҳисобланса ҳам (аслида уни қўллаш 31 июлдан бошланган), 7 август ҳолатига кўра захирада қолган 4 554 834 доза вакцинанинг 2 268 033 дозаси (ёки 49,79 фоизи) Moderna, қолган 2 286 801 дозаси эса ZF-UZ-VAC-2001, «Спутник V» ва Ҳиндистондан келтирилган ёки Озарбайжон совға қилган AstraZeneca, деб тахмин қилиш мумкин.

Шу билан бирга, сўнгги маълумотларга кўра, нафақат AstraZeneca вакцинаси, балки Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси ҳам деярли қолмаган (қайд этиш жоиз, «Дарё»нинг «Спутник V» билан эмланган бир қатор ходимлари ҳам ҳозирда иккинчи доза вакцинасини кутмоқда). ССВ вакили Дилором Турсунова «Спутник V» билан эмлаш жараёнлари ҳақиқатан ҳам тўхтаб қолганини тасдиқлаб, «лекин тез орада иккинчи компонент олиб келиниши»ни маълум қилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонгача ҳозиргача «Спутник V» вакцинасининг 230 минг доза 1-компоненти, 140 минг доза (биринчисидан 90 минг кам) 2-компоненти — жами 370 минг доза келтирилган. Шундан 212 818 та ҳолатда биринчи доза ишлатилган, кейинчалик 128 442 киши 2-дозани қабул қилган (жами 341 260 доза ишлатилган). Вазирлик маълумотларига кўра, «Спутник V»нинг 90 минг дозалик 2-компоненти яқин кунларда Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.

Муаллиф:Мусулмонбек Иброҳимов