Навоий шаҳрида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг бирида Labo русумли автомобиль ёниб кетди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 6 август куни соат 09:21 да шаҳарнинг «Кимёгар» МФЙ Амир Темур кўчасида жойлашган «Zarafshon Fayz Oil» МЖЧга қарашли шохобчада ёнилғи қуйиб чиқиш вақтида Labo русумли автомобилда ёнғин содир бўлган.
Ёнғинни ўчиришга 3 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин соат 09:23 да ўраб олиниб, соат 09:25 да батамом ўчирилган. Ёнғин натижасида автомобилнинг мотор, салон, кузов қисмлари ва автомобиль шиналари ёнган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёдаги метан заправкада «УАЗ»га ўрнатилган газ баллони портлаб кетгани, Самарқандда метан заправкада турган Nexia’нинг газ баллони портлаб кетгани, Фарғонадаги газ заправкада «Жигули» портлагани ҳамда Қашқадарёда ҳаракатланаётган Nexia’нинг газ баллони портлаши оқибати икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)