Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникада фуқаро шифокорни аямасдан тагига босиб олиб дўппослаётганлиги акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан «Дарё» сўровига кўра Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими маълумот берди.

Фото: Telegram

Маълум қилинишича, видеолавҳада юз берган ҳолат бўйича 2021 йил 28 июль куни Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабар асосида ИИБ ходимлари томонидан воқеа жойига борилиб терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Аниқланишича, Наманган шаҳар «Янгиқурилиш»  МФЙда жойлашган 10-сонли оилавий поликлиникада шифокор бўлиб ишловчи, 1994 йилда туғилган Н.К.ни олдига Наманган шаҳрида яшовчи 1999 йилда туғилган Б.Н. ва акаси 1996 йилда туғилган Г.Н.лар фарзандининг соғлиғи яхши эмаслиги ва тана ҳарорати кўтарилиб кетганлигидан шикоят қилиб, тиббий ёрдам сўраб келган.

«Соғлиғимиз яхши эмас, тана ҳароратимиз кўтарилиб кетяпти, бизга тиббий ёрдам кўрсатинг», деганларидан сўнг навбатчи шифокор А.У. уларни тиббий кўрикдан ўтказиб, «Тана ҳароратларинг кўтарилмаган, COVID-19’га тест топширдиларингми?», деганида ака-ука Ж.Ф. ва Б.Ф. унга «Сен бизга нотўғри ташхис қўйяпсан, бизнинг кимлигимизни биласанми, поликлиника бошлиғи Фазлиддиндан бизнинг ким эканимизни сўраб билиб олгин, чақир бошлиғингни», деб қўллари билан А.У.ни уриб, ерга йиқитиб, бир неча марта тепиб, унга тан жароҳати етказган.

Шифокорга олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган бўлиб, 2021 йил 4 август кунги хулосага кўра шифокорга соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати етказилгани аниқланган.

Юқоридаги ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, видеода кўрсатилган воқеа иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Бундан аввал Самарқандда навбатчи шифокорларни калтаклаган фуқаро қамоққа олингани, Яшнободда оғир аҳволда шифохонага олиб келингач вафот этган беморнинг фарзандлари тез тиббий ёрдам ходимларини калтаклагани ҳамда Термизда ҳамшира бемор боланинг яқини томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди.