Коронавирусга чалинган беморда дастлабки икки ҳафта давомида юрак хуружи ва ишемик инсульт хавфи сезиларли даражада юқори бўлади. Бу ҳақда Швециянинг Умео университети олимларига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Unsplash

Инфекциянинг юракка таъсирини аниқлаш мақсадида экспертлар 86 мингдан ортиқ инсон иштирокида тадқиқот ўтказган.

«Бу коронавируснинг юрак қон-томир касалликларига боғлиқлигини ўрганишга қаратилган дунёдаги энг йирик тадқиқот ҳисобланади», — дейилади мақолада.

Таъкидланишича, олимлар 2020 йилнинг 1 февралидан 14 сентябрига қадар коронавирусга чалинган назорат гуруҳидаги беморларнинг миокард инфаркти ва инсульт частотасини юрак қон-томир тизимларининг бузилиш частотаси билан таққослаб кўрган.

Мутахассисларнинг аниқлашича, коронавирус касалликнинг дастлабки икки ҳафтасида ўткир миокард инфакрти ва инсульт хавфини уч баробарга оширган.

«Бу каби боғлиқлик ҳатто ёндош касалликлар, ёш, жинс ва ижтимоий-иқтисодий омиллари ҳисобга олинган ҳолда ҳам сақланиб қолган», — дея таъкидлайди олимлар.

Аввалроқ Лондон Империал коллежи, Кембриж университети ва Чикаго университетининг бир гуруҳ олимлари коронавирус уни юқтирган одамларнинг ақлий салоҳият даражасига салбий таъсир қилади деган хулосага келганди.