Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов «Рома»га ўтишга яқин турибди, дея хабар бермоқда журналист Жанлуки ди Марцио.

Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов

Таъкидланишича, римликлар 26 ёшли футболчи учун «Женоа»га 15 миллион евро таклиф қилган. Бироқ генуяликлар Шомуродов учун кўпроқ пул олишни истамоқда. Шунингдек, «Рома» Элдорни сотиб олиш мажбурияти билан ижарага олиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, ушбу маълумотни Россиянинг «РБК» нашри манбалари ҳам тасдиқлаган.

«Томонлар трансферлар масаласида бир қарорга келган. Шу кунларда футболчининг аниқ трансфер нархи бўйича якуний музокаралар бўлиб ўтмоқда. Мажбурий сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара шартномаси тузилади. Ижара нархи римликларга 2,5 миллион еврога тушади. Кейинги трансфер 16 миллион евродан ошади», — деган «РБК» нашри манбаси.

Нашрнинг бошқа бир манбаси эса агар футболчи ютуқларга (ўйинлар ва голлар) эришадиган бўлса, трансфер суммаси 19—21 миллион еврони ташкил қилишини маълум қилган.

Қайд этиш жоиз, аввал ҳам «Рома»дан Шомуродовга қизиқиш бўлгани ва буни Моуриньонинг шахсан ўзи истаётгани ҳақида хабарлар янграганди. Бироқ футболчининг агентлари бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақида маълум қилганди. 2020 йилнинг январь ойида Элдорга «Ювентус»дан қизиқиш бўлганди. Аввалроқ «Женоа» бош мураббийи Давиде Баллардини раҳбариятга 26 ёшли футболчини сотишни тақиқлагани ҳақида хабар қилинганди.

Ўзбекистонлик ҳужумчи 2020/21 йилги мавсум А Серияда 31 ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол муаллифига айланганди.

Мавзуга доир: