Бокс бўйича -75 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Фанат Қаҳрамонов 26 июль куни Токио—2020 Олимпиадасидаги иштирокини бошлади.

Фото: Getty Images

Қаҳрамонов грузиялик Гиорги Харабадзега қарши рингга кўтарилди. Биринчи раунд тўлиқ ўзбекистонлик боксчининг устунлиги остида ўтди. Иккинчи раунднинг сўнгги дақиқасида Харабадзе жароҳат олди ва жанг тўхтатилди.

Шу тариқа Фанат ғолиб деб топилди ва 1/8 финалга чиқди. Қаҳрамонов 29 июль куни қозоғистонлик Абилхан Аманкулга қарши жанг қилади.

Аввалроқ Шаҳобиддин Зоиров туркиялик Ботухон Чифчини мағлуб этиб, кейинги босқичга чиққанди. 25 июль куни уч нафар ўзбекистонлик боксчилар: Турсуной РаҳимоваЭлнур Абдураимов ва Дилшод Рўзметов ўз жангларини ғалаба билан якунлаб, кейинги босқичга йўл олганди.