Тожикистонда сел келиши оқибатида 10 нафар одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Умида Юсупованинг маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар берган.

Фото: Спутник

«Тожикистон ҳудудида кузатилган кучли ёмғир оқибатида юзага келган сел тошқини оқибатида мамлакат шимолидаги Сўғд вилоятида 10 киши ҳалок бўлди», – деган Тожикистон ФВҚ матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, Сўғд вилояти Панжикент шаҳри яқинидаги Дашти Қози қишлоғида маҳаллий аҳоли лойқа сувдан икки нафар аёлнинг мурдасини чиқариб олган, шунингдек, табиий офат туфайли ҳудуддаги 15 та аҳоли турар жойи вайрон бўлган, 35 бош чорва мол сувга оқиб қурбон бўлган.

«Дашти Қози қишлоқ жамоатидан 30 километр узоқликда 10 нафар чўпон сел оқимига тушиб қолган. Қидирув-қутқарув тадбирларини амалга ошириш мақсадида ҳодиса юз берган ҳудудга ФВҚ қутқарувчилари юборилган. Қутқарув ишлари давомида саккиз нафар чўпоннинг жасадлари сувдан олиб чиқилган. Яна икки нафар чўпонни излаш ишлари давом эттирилмоқда»,– деган Умида Юсупова.

Бундан ташқари, Сўғд вилоятининг учта тоғли туманида сел келиши оқибатида 10 километр автомобиль ва қишлоқ йўллари, электр таъминотининг иккита кўприги, селга қарши тўсиқлар, 20 гектар майдондаги деҳқончилик экинлари, иккита кўприк ва 23 та хонадон вайрон бўлган.

Фавқулодда вазиятлар бўйича туман комиссияларининг вакиллари сел келиши оқибатида кузатилган вайронгарчиликларни бартараф қилиш бўйича тадбирларни амалга оширмоқда. Бунинг учун махсус техника ажратилган.

13 июль куни Наманган вилояти Косонсой туманида сел келиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, кейинчалик 17 июлда табиий офат қурбонларининг сони 9 нафарга етгани ҳақида хабарлар берилган.