Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Шаҳрисабз туман бўлими масъуллари Кўлга олиб борувчи йўлнинг 10 соат ёпилиб қолганига изоҳ берди, дея хабар қилди «Дарё» мухбири.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Алимардон Қурбонов қишлоққа олиб борувчи йўлнинг таъмири учун 2,5 соат вақт сарфланганини, йўлнинг 10 соат ёпилгани ёмғир ёғиши билан боғлиқлигини тушунтирди.
«Аслида ўтган 10 соат фурсатда ёмғир ҳам ёғган. Бундай пайтда эса қишлоққа олиб борувчи йўл очиқ бўлса-да, одамлар қатновни тўхтатди. Боиси, кучли ёмғир пайтида тоғдан тош думалаши ёки тупроқ кўчиш хавфи бор. Аммо йўл таъмири учун икки ярим соат вақт сарфладик», — дейди Алимардон Қурбонов.
Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг қўшимча маълумот беришича, техникалар йўл таъмири учун туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан 700 литр ёнилғи сарфлаган.
«Йўл таъмирида 50 нафарга яқин ҳашарчи, 6 нафар туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари иштирок этди. Эндиликда муаммо йўқ», — дейди Алимардон Қурбонов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўл қишлоғига сел келиб, қишлоққа олиб кирувчи ягона йўл 10 соатга ёпилиб қолгани хабар берилганди.
Изоҳ (0)