Россиянинг Тожикистон ҳудудидаги 201-ҳарбий базаси танкчилари Лаҳур полигонидан Афғонистон билан чегарадош Ҳарб майдон полигонигача 200 километр юриш қилди.
Марш давомида Т-72 танки экипажлари устунларнинг жанговар муҳофазаси, ернинг шартли зарарлантирилган жойларини енгиб ўтиш, саботаж ва разведка гуруҳлари ҳужуми ҳамда «душман»нинг ҳаво ҳужумларини қайтариш масалаларини ишлаб чиқди.
«Ҳозирда қўшинлар концентрацияси ҳудудида ҳарбий хизматчилар бошқарув пунктларини жойлаштирмоқда, ўт очиш позицияларига муҳандислик жиҳозларини жойлаштириш ва техникани маскировка қилиш билан шуғулланмоқда», — дейилади хабарда.
Россия танклари полигонда 5—10 август кунлари бўлиб ўтадиган ўқув машғулотларида қатнашиш учун етиб келган. Машғулотларда Россия ва Тожикистон ҳарбий хизматчиларидан ташқари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳам иштирок этади.
Машғулотлар Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви фонида ўтказилмоқда.
Россиянинг Душанбедаги элчиси Игорь Лякин-Фроловнинг айтишича, «зарур бўлса, 201-база афғон террорчилик ташкилотларининг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларини қайтаради».
Аввалроқ Россия Афғонистондаги вазият туфайли Тожикистондаги ҳарбий базасидан фойдаланишга тайёрлигини билдирганди. Шунингдек Эмомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун армия резервидаги 20 минг нафар ҳарбий хизматчини сафарбар этган.
Изоҳ (0)