Тошкент шаҳар ҳокимлиги Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг коронавирусга қарши вакцина олиш жараёни акс этган видеоёзув юзасидан ижтимоий тармоқларда юзага келган мунозаралар бўйича изоҳ берди. 17 июль куни эълон қилинган видеода пойтахт ҳокими ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланаётгани кўрсатилган эди.

Кадр: Видеодан скриншотлар

Ҳокимлик матбуот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, ҳокимнинг аслида бошқа вакцина билан эмланган бўлиши ёки умуман вакцина олмаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз. Кадрларда шприц ўзгариб қолганига қуйидагича изоҳ берилди:

«Шприц игнаси ингичка бўлгани сабаб, уни флакон қопқоғига тиқиб, вакцинани шприцга тортиш вақтида баъзан учи қайрилиб қолиши мумкин. Қайрилиб қолган игна учи эмланувчининг танасига кириш вақтида ноқулайлик туғдиради. Шундай бўлмаслиги учун биринчи ишлатилган игна олиб ташланиб, бошқасига алмаштирилади», – дейилади ҳокимлик изоҳида.