Янгиланди: Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов ҳодиса 11 июль куни содир бўлгани ва ҳолат юзасидан шу куни Қарши транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида қайнатаси билан тортишиб қолган келин ўзи ва икки нафар фарзандини поезд тагига ташлаб, вафот этган. Бу ҳақда «Дарё» манбаси хабар берди.

Фото: «Дарё»

«Бу оила Чироқчи туманида яшайди. Марҳуманинг эри Россияда ишлайди. Келин қайнатаси билан жанжаллашиб қолиб, ўзи ва икки фарзандини поезд тагига ташлаган экан. Марҳуманинг эри бугун (15 июль санаси назарда тутилмоқда) уйига қайтаётган экан», — дейди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган манба.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Чироқчи туман ИИБ бошлиғи Актам Бешимқулов воқеани тасдиқлади.

«Воқеа беш-олти кун илгари содир бўлган. Ҳақиқатан ҳам аёл ўзи ва икки нафар фарзандини поезд тагига ташлаб вафот этган. Воқеага оилавий можаро сабаб бўлган. Воқеа сабаби ва тафсилотларини масъул ташкилотлар ўрганмоқда», — деди Актам Бешимқулов.