Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон тор доирада музокара ўтказди.
Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмоннинг Ўзбекистонга илк ташрифи икки томонлама шерикликнинг янги даврини бошлаб берганини таъкидлади.
«Покистон бизнинг вақт синовидан ўтган муҳим ҳамкоримиз. Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган. Бугун биз уларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарамиз. Ҳозирги мураккаб вазиятга қарамасдан, ҳамкорлигимиз жадал суръатларда ривожланмоқда. Барча соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
Покистон бош вазири Ўзбекистонда бўлиб турганидан мамнунлигини айтиб, бу пандемия бошланганидан буён унинг илк хорижий ташрифи эканини таъкидлади.
Учрашувда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни, айниқса, инвестициялар ва йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш йўналишида мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Кейинги йилларда икки томонлама мулоқот ва алоқалар анча фаоллашди. Шавкат Мирзиёев билан Имрон Хоннинг 2019 йилда Пекин ва Бишкекда ўтган учрашувлари, 2021 йил апрелдаги онлайн саммити икки мамлакат учун янги истиқболлар очди. Ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасидаги ташрифлар натижасида алоқалар амалий мазмун билан бойиб бормоқда.
Учрашувда сиёсий маслаҳатлашувларни, олий ва юқори даражадаги мулоқотни доимий ўтказиб боришга келишиб олинди. Алоқаларни кенг кўламда ривожлантириш учун стратегик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан фикр алмашилар экан, томонларнинг позицияси бир хил ёки ўхшаш экани тасдиқланди.
Икки мамлакат халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқалар ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Покистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида у ерда барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдор экани таъкидланди. Бу минтақада транспорт йўлакларини барпо этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантириш учун имконият яратади.
Ўзаро савдо айланмасини кўпайтириш, бунинг учун карго-авиақатновларини йўлга қўйиш, икки томонлама имтиёз ва преференциялар бериш масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Имрон Хон самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Шавкат Мирзиёевни Покистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Бундан аввал Тошкентда Покистон бош вазири Имрон Хонни расмий кутиб олиш маросими бўлгани, Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтаётган конференция доирасида Афғонистон президенти билан учрашгани ҳамда Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазирини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)