Жаҳонгир Отажонов «ҳозирча сиёсатдан чекинади» ва онаси шарафига концерт дастурини тақдим этади. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифаси орқали қилган видеочиқишида маълум қилди — жонли эфирда хонанданинг онаси ҳам қатнашган.

15 кун бўлди, сиёсий масалада эфир қилмадим. Ҳар эфир қилганимда онамнинг умри беш йилга камайиб кетаётганди. Ота-онамнинг ҳар куни йиғлаб ўтириши менга қимматга тушяпти. Ҳатто эртага президент бўлиб қолсам ҳам ота-онамга бир нарса бўлса, татимайди.

Шунинг учун мен бутун жамоатчиликдан узр сўрайман — ҳозирча бу сиёсатдан чекиниб тураман. Бутун жамоатдан, барча ватандошлардан, сиёсатчилардан, партиячилардан узр сўрайман. Ҳозирча бу ишни давом эттира олмайман.

Ота-онамнинг ҳар куни бир ўлиб-тирилишини кўриш мени чарчатди. Олти ой бўлди: ота-онамни кўндираман деб ҳар куни курашдим. Сиёсий фаолият осон эмас экан, бу нарса уларни жуда чарчатди.

Мендан рози бўлинглар. Бу йилги президент сайловида ҳаммага омад тилайман. Нимаики бўлса, халқ фойдасига бўлсин, биз дуодамиз. Ўз ишимизни давом эттирамиз.

Жаҳонгир Отажонов, хонанда

Унинг қўшимча қилишича, яқин вақт ичида «Онам учун» деб номланган концерт дастурини тақдим этишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 2020 йил охирида «шаъриятга тўғри келмагани учун» санъатдан кетганини эълон қилган эди. Январь ойи бошида эса Жаҳонгир Отажонов навбатдаги президентлик сайловида ўз номзодини қўйишини маълум қилди. Шундан сўнг у расмий рўйхатдан ўтказилмаган «Халқ манфаатлари» партиясига аъзо бўлди, февраль ойида эса «партия вакиллари билан бўлган тушунмовчиликлар туфайли» партияни тарк этди.

Май ойида собиқ хонанда Туркиядан Ўзбекистонга қайтди ва «Эрк» мухолифат партияси фаолиятини қайта тиклашни режалаштираётганини билдирди. Май ойи охирида у «BBC Ўзбек» нашрига берган интервьюсида партия йиғилиши вақтида уйига бир гуруҳ эркак ва аёллар бостириб кирганини айтган.

Июнь ойида эса видеочиқишларининг бирида ҳужжатсиз рулга ўтирган укасининг машинасини жарима майдончасига жойлаштириб қўйган ички ишлар ходимларини «давлат ва халқ хоинлари» деб атади, кейинроқ бу сўзлари учун узр сўраб чиқди.