Британия қироллик оиласи билан боғлиқ исталган маълумотни топиш муаммо эмас, Елизавета II фарзандлари, набира ва эвараларидан ташқари дунёда ёш қироллик оиласи вакиллари тамоман бошқача турмуш кечирадиган 30 та монархлик бор.
Бельгия маликалари Елизавета ва Элеонора
Елизавета ва Элеонора – Бельгия қироли Филипп ва унинг рафиқаси Матилданинг қизлари. 19 яшар Елизавета отасидан кейин тахтни эгаллайди. Уэльс коллежини битирган қиз эндиликда Брюсселдаги Қироллик ҳарбий академиясида таълим олмоқда. Намунали хулқи, халққа яқинлиги ва ўзига хос кийиниш услубига эга эканлиги билан меросхўр қизнинг мамлакатдаги фуқаролари орасида обрўси баланд. Уни ҳатто Кейт Миддлтон билан солиштиради. Елизаветанинг 13 яшар синглиси Элеонора эса мактабда ўқиш билан бирга, скрипка чалиш ва сурат чизиш билан шуғулланади. Қолаверса, Элеонора опасига хайрия ишларига кўмаклашади. Пандемия вақтида Бельгия қиролининг фарзандлари кексаларга ёрдам берган ва уларга керакли маҳсулотларни етказиб турган.
Испания маликалари Леонор ва София
Кўришидан эгизакка ўхшайдиган Леонор ва Софиянинг ёши ўртасида 1,5 ёш фарқ бор. Леонор 15 ёшда София эса ундан кичкина. Мадрид яқинидаги Санта-Мария-де-лос-Росалес мактабига қатнайдиган опа-сингиллар мусиқа, рақс ва тил ўрганиш билан шуғулланади. Ҳамма нарсани деярли бирга ўрганиб, шуғулланадиган қизларнинг хонаси ҳам битта ҳатто. Қироллик оиласи вакилларига хос равишда қизлар расмий тадбирларга ташриф буюради. Леонор катта бўлгани учун отасидан кейин тахтга у ўтиради.
Люксембург маликаси Александра
Люксембург герцоги Анрининг яккаю ёлғиз қизи Александра ўқимишли ва собитқадам маликалардан бири ҳисобланади. Малика 30 ёшигача Люксембург университетида психология курси, Америкада ижтимоий фанларни ўқиб тугатишга, шунингдек, фалсафа бўйича бакалаврни, Парижда эса этика ва антропологияни, Дублинда эса магистрлик босқичини тамомлашга муваффақ бўлган. Инглиз, француз, испан, немис, итальян тилида гаплаша оладиган қиз бўш вақтида саёҳат қилиш, теннис ва рақс ҳамда гимнастика билан шуғулланишни яхши кўради. Унинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар эса ҳеч кимга маълум эмас.
Нидерландия маликалари Катарина-Амалия, Алексия ва Ариана
Нидерландия қироли Виллем Александранинг оиласида уч нафар малика: Катарина-Амалия (17 ёш), Алексия (16 ёш) ва Ариана (14 ёш) вояга етмоқда. Улар Гагадаги Sorghvliet гимназиясида таҳсил олади. Нидерланд, инглиз ва испан тилларида гаплаша оладиган қизлар биргаликда балет, хоккей, дзюдо ва от миниш спорти билан шуғулланади. Катарина-Амалия отасидан кейин тахтни эгаллайди.
Нидерландия маликаси Элоиза
Элоиза Нидерландиянинг амалдаги қиролининг жияни ҳисобланади. Оддий ҳаёт тарзини маъқул биладиган қиз расмий тадбирларда камдан кам кўриниш беради. Instagram’да фаол бўлган маликани 270 мингдан ортиқ обуначиси бор. 2020 йилда Гагадаги Маэрлант лицейини тамомлаган Элоизанинг кийимлар дўкони бор.
Норвегия маликаси Ингрид Александра
17 ёшли малика Ингрид Александра Норвегия тахтига отасидан кейин даъвогарлик қилади. У тахтни эгалласа, Норвегия тарихидаги иккинчи қироличага айланади. Расмий тадбирларда фаол бўлган қиз ҳатто бошқа мамлакат меросхўрлари билан ҳам мулоқот қилиб туради. Бўш вақтида Ингрид от миниш, ва серфинг билан шуғулланади. У Ослодаги хусусий мактабда хорижий тилларни ўрганади.
Швеция маликалари Виктория ва Мадлен
43 ёшли Виктория Швеция қироли Карл XVI Густавнинг қизи. Франциядаги Ғарбий католик университетини тамомлаганидан кейин малика Йел университети ҳам сиёсат бўйича ўқиган. Вашингтондаги Швеция элчихонасида ва БМТда стаж ўтаган. Қолаверса, уч ҳафта армияда хизмат қилган. 2010 йилда тренер Даниэль Вестлингга турмушга чиққан маликанинг айни вақтда Эстел исмли қизи ва Оскар исмли ўғли бор. Малика Мадлен эса психологияни ўрганиб, кўнгилли сифатида фаолият олиб боради. «Болалик» хайрия ташкилотида ишлаган ва UNICEFда стаж ўтаган, шунингдек, болалар билан боғлиқ масалаларни ҳал қиладиган ThankYou by Childhood кампаниясини аъзоси бўлган. 2019 йилда «Стелла ва сир» номли китоб тақдим қилган. Бугунги кунда маликанинг ҳуқуқшунос Юнас Бергстремдан уч нафар фарзанди бор.
Иордания маликалари Иман ва Салма
Қиролича Раниянинг қизлари машҳурлик ва кийиниш борасида дид жиҳатидан онасидан ўрнак олади. Қизлар ҳам онаси сингари дипломатия ва модага қизиқади. The International Аcademy халқаро мактабни тамомлаганидан кейин Иман айни вақтда Жоржтаун университетига ўқишга кирган. Унинг 20 яшар синглиси Салма эса опасичалик кўп кўриниш бермайди. Спортга қизиқадиган малика Сандхерстдаги Қироллик ҳарбий академиясида таҳсил олади.
Таиланд маликалари Бажракитиябха ва Сириваннавари Нариратана
Бажракитиябха ва Сириваннавари Нариратана Таиланднинг амалдаги қироли Рама Х қизлари ҳисобланади. 42 яшар Бажракитиябха ҳуқуқшунослик ва халқаро муносабатларни ўрганиш билан бирга юридик фанлар доктори даражасини қўлга киритган. Ҳозирги вақтда таиландлик аёлларнинг қамоқхонадаги ва уларнинг озодликка чиққанидан кейинги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиш билан бирга, БМТнинг кўнгилли элчиси ҳисобланади. Унинг 43 яшар синглиси эса ундан фарқли равишда мода билан шуғулланади. Бангкокдаги тасвирий санъат факультетини тамомлаган қиз Европа, хусусан, Франция ва Италиядаги энг машҳур мода уйларида стаж ўтаган. Ўз брендига асос солган малика мода оламига энди кириб келган таиландликларни қўллаб-қувватлайди.
Япония маликаси Айко
Япония императорининг ягона фарзанди эканига қарамай, монарх фақат эркак бўлиши керак деган қонун сабаб Айко отасидан кейин тахтга даъвогарлик қилмайди. Диққат марказида бўлишни ёқтирмайдиган Айко 19 ёш эканига қарамай «ҳеч ҳам табассум қилмайдиган малика» деб эътироф этилган. Маълумотларга қараганда, у невроздан тортиб анорексиягача бўлган турли касалликлардан азият чекади. Гакусюин университетида япон тили ва адабиётини ўрганадиган малика инглиз, испан тилларида бемалол гаплаша олади.
Эсватини маликаси Сиханизо Дламини
Эсватини қиролининг қизи Буюк Британия ва Калифорнияда таҳсил олган, кейин Сидней университетида рақамли коммуникация бўйича магистратурани битирган. Хорижда ўқигани дунёқарашига ҳам таъсир қилмай қолмаган. Замонавий кийинишни маъқул кўрадиган Сиханизо Пашу тахаллуси билан реп йўналишида ҳам ижод қилади. Бундай турмуш тарзи унга давлат ишлари билан шуғулланишига қаршилик қилмайди. У Эсватинининг информацион технологиялар ва алоқа вазири сифатида фаолият олиб боради. Оила қурган маликанинг бир нафар ўғил фарзанди бор.
Изоҳ (0)