Жиззах ва Бухоро вилоятларида ерларни фирибгарлик йўли билан сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган фуқаро Р.М. Шароф Рашидов туманида жойлашган, 0,16 гектар захирадаги сувли ерни фуқаро Р.га кейинчалик ер участкаси қуриш учун ҳужжат расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, эвазига 120 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай, Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро О.К. бошқа бир фуқаро Ш.ни алдаб, унга шаҳардаги «Удирғи» аҳоли пунктида жойлашган 9 сотих захира ер майдонини фирибгарлик йўли билан 4700 АҚШ долларига сотишни ваъда қилиб, шундан 4200 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бунда аввал Тошкент вилоятида қалбаки 1100 долларни 500 долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушлангани, Чирчиқ давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш учун икки кишидан 9 минг доллар олган яна бир шахс қўлга олингани ҳамда Қаршида ҳокимлик захирасида турган бўш ерни 70 миллион сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)