1,5 млн долларлик мукофот, бепул пицца ва товуқ. Жаҳонда COVID-19’га қарши эмланганлар қандай рағбатлантирилмоқда?
Коронавирусга қарши вакциналарнинг хилма-хиллигига қарамай, дунё бўйлаб одамларни эмлаш даражаси ҳали жамоавий иммунитетни шакллантиришга имкон бермаяпти. Мамлакатлар ўз фуқароларини нафақат тақиқлар билан, балки рағбатлар билан ҳам вакцинацияга ундамоқда. Турли мамлакатларда COVID-19’га қарши эмланганлар қандай бонусларни қўлга киритаётгани ҳақида «РБК» фоторепортаж тайёрлади.
Май ойида Сербия президенти Александар Вучич ой охирига қадар COVID-19’га қарши вакиснанинг тўлиқ ёки ҳеч бўлмаганда биринчи компоненти билан эмланадиган ҳар бир кишига 3000 динор (тахминан 25 евро ёки 30 доллар) ваъда қилди. Крагуевац шаҳрида «Милютин яқинидаги кутубхона» ресторани ўз залларидан бирида эмлаш пункти ташкил қилиш билан бирга эмланган барча меҳмонларни сихда пиширилган буқа гўшти билан бепул меҳмон қилди.
Калифорнияда расмийлар Vax for the Win лотереясини бошлади. Унда вакцина олган калифорнияликларнинг барчаси иштирок этиши мумкин, аммо аввал уларнинг эмлангани тўғрисидаги маълумотлар давлат рўйхатига киритилган бўлиши керак. Совринлар орасида «жума кунлари учун 50 минг доллар», 1,5 миллион долларлик гран-при, шунингдек, овқатланиш ва кўнгилочар тадбирлар учун йўлланмалар мавжуд. Ҳукумат маълумотларига кўра, 15 нафар ғолиб аллақачон 50 минг доллардан ютиб олган, яна ўн киши 1,5 миллион доллардан қўлга киритган. Иштирокчиларга янги совғалар ваъда қилинмоқда, 1 июль куни уларга яшаш, овқатланиш ва дам олиш харажатлари тўланган олтита тўрт кишилик «орзу ваучери» тақдим этилади.
Россияда коронавирусга қарши эмланганлар учун квартиралар, автоуловлар ва жиҳозлар ютуғи қўйилган ёки пул тўланади. Москвада 14 июндан 11 июлгача вакцинанинг биринчи компоненти билан эмланганларнинг барчаси Renault Logan русумли автомашинани ютиб олиши мумкин, 1 июлгача эмланишни бошлаган қариялар 1000 рубллик чегирма купонларига эга бўлади.
Ямал шаҳрида эмланганлар орасида Apple смартфонлари, велосипедлар, қулоқчинлар, Smart-соатлар, Уфа ва Подмосквьеда эса квартиралар ўйналмоқда, Тольяттида вакцина олган аҳоли лотерея орқали 75 минг рубль ютиши мумкин. Аммо бонусларга ва эмлашни ихтиёрий равишда давом эттириш ваъдаларига қарамай, еттита ҳудудда айрим тоифадаги фуқароларга эмланиш мажбурий этиб белгиланди.
АҚШ ҳукумати ҳамкорлик учун асосан қора танлилар ташриф буюрадиган сартарошхоналарни жалб қилишга қарор қилди ва тўғридан-тўғри салонларда вакцинация ўтказишни сўради. Масалан, Чикагода салонларга вакцина учун ташриф буюрувчилар нафақат сочларини текин олдиради, балки Калифорниядаги Great America кўнгилочар боғига иккита чиптани қўлга киритади. Мерилендда сартарошхонада эмланганлар бепул сендвич билан меҳмон қилинади, шунингдек, The Shop Spa салонида соч ва соқолини олдириш учун 30 долларлик ваучерларга эга бўлади.
Изоҳ (0)