«Пахтакор» футбол клуби футболчи ва ходимларнинг йиллик даромадларини эълон қилди.

Фото: «Пахтакор» ФК

Швейцариялик ҳужумчи Эрен Дердийок жамоанинг энг кўп маош оладиган футболчиси экани маълум бўлди. «Пахтакор» тақдим этган маълумотга кўра, унинг маоши йилига 1,3 миллион еврони ташкил қилади. Бу 16 миллиард 439 миллион сўмни ташкил қилади.

Футболчи 2020 йилнинг январида «Пахтакор» сафига келиб қўшилган. Унинг келганига роппа-роса 1,5 йил бўлганини инобатга олсак, Эрен «Пахтакор»да шу вақтга қадар 24,66 миллиард сўм даромад олган.

Футболчи «шерлар» сафида шу вақтга қадар барча мусобақалар доирасидаги 46 та ўйинда 18 та гол урди ва бешта голли узатма амалга оширди.

Дердийокнинг ҳар бир ўйини «Пахтакор» 536 миллион сўмга тушмоқда. Эрен «Пахтакор»да урган ҳар бир голи учун 1,37 миллиард сўм, ҳар битта ассист учун эса 4,9 млрд сўм олмоқда.

Яна бошқача айтадиган бўлсак, Дердийок «Пахтакор»да кунига 45 миллион сўм, соатига 1,9 миллион сўм дақиқасига 31 минг сўм ишлаб топмоқда.

Дердийокнинг «Пахтакор» билан амалдаги шартномаси 2021 йил декабрига қадар мўлжалланган.

Мавзуга доир: Шунчаки даҳшат: Дердийокка 16 млрд, Кримецга 4 млрд сўм. «Пахтакор» футболчиларининг йиллик маоши ва мукофот пуллари маълум қилинди

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!