Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус тарқалиши хавфи туфайли фақат қиролликда истиқомат қилувчи кўпи билан 60 минг кишига ҳаж зиёратини амалга ошириш учун рухсат берди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

Фото: Anadolu агентлиги

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра масалалари вазирлиги маълум қилишича, исломнинг муқаддас зиёратгоҳларига 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган, сурункали касалликларга чалинмаган ва коронавирусга қарши тўлиқ эмланган мусулмонларгина ташриф буюриши мумкин бўлади.

Қироллик чет эллик зиёратчиларни худди ўтган йилдаги каби қабул қилмайди.

Бу йил Ҳаж зиёрати 17—22 июль кунлари амалга оширилади.

Аввалроқ Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга ошириш учун рухсат бермоқчи экани, аммо улар коронавирус пандемиясига қарши кураш учун махсус шартларга амал қилган ҳолда ўтказилиши хабар қилинган эди.

Шунингдек, Саудия Арабистонида 30 майдан бошлаб қироллик ҳудудига киришга қўйилган тақиқ 11 та хориж мамлакати фуқаролари учун олиб ташланди.

Саудия Арабистони 2020 йил октябрь ойидан бошлаб мамлакатда яшовчи аҳолиси учун Умра зиёратини амалга оширишга рухсат берган эди. Ва ўша ой ўрталарида мамлакат ҳукумати етти ой ичида биринчи марта Маккадаги Ал-Ҳаром масжидида намоз ўқилишига рухсат берди.

Ўтган йил ноябридан Саудия Арабистони аста-секинлик билан 50 ёшдан катта бўлмаган зиёратчиларни манфий натижали ПЗР-тест билан Умра зиёрати учун киритишни бошлади.

Аввалроқ Саудия Арабистони коронавирусга қарши эмланган зиёратчиларга ҳаж учун рухсат беришини маълум қилган эди.