Америкалик тадқиқотчилар узоқ вақт уйқусиз ишлайдиган инсонларнинг мия фаолиятини рағбатлантириб, чарчоқни оладиган портатив қурилмани яратди. Communications Biology журналида келтирилган релизга кўра, гаджет бўйин териси орқали сайёр нервга электр токини юборади, деб ёзади «Korrespondent.net».

Фото: Pixabay

Мазкур усул ноинвазив электр нейромодуляция дейилади. Ундан ҳозирда фойдаланилмоқда ва сўнгги вақтларда методика самарадорлиги сабаб машҳурликка эришмоқда.

Бунинг устида Линдси Макинтайр раҳбарлигидаги АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари тадқиқот лабораториясининг экспертлари шуғулланган бўлиб, улар сайёр нерв сигналларни мия, овқат ҳазм қилиш тизими ва бошқа бир нечта асосий органлар ўртасида юборишини аниқлаган. Шу орқали инсоннинг кайфияти аниқланади.

Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг 34 соат давомида ухламаган 40 нафар ҳарбий хизматчиси қурилмадан фойдаланиб, плацебо-импулсларни олганлардан кўра яхшироқ натижани кўрсатган. Улар ҳушёрлигини 19 соат давомида сақлашга муваффақ бўлган.

Аввалроқ Гуанчжоу тиббиёт университети олимлари кундуз куни бир соат мизғиб олиш ҳам ўлим хавфини ошириши мумкинлигини аниқлаган эди.