Волгоград вилоятида 1994 йилда ишлаб чиқарилган ёрқин қизил рангли «ВАЗ-2106» сотувга қўйилди. Ҳозирга қадар 900 километр йўл босган автомобиль ажойиб ҳолатда сақланган. Ноёб «вақт капсуласи»нинг эгаси машинани 550 минг рублга (7,6 минг доллар) баҳолаган, деб хабар беради Motor. Бу пулга Ўзбекистонда Optimum Plus жамланмасидаги янги Spark харид қилиш мумкин.
Сотувга қўйилган «ВАЗ-2106» жуда яхши ҳолатда сақланган. Седаннинг кузови ва остки қисмларида коррозия аломатлари йўқ, хромланган барча деталлари янгидек. Шунингдек, машина салонида ҳеч қандай емирилиш излари мавжуд эмас. Автомобильнинг олд ўриндиқлари мато билан қопланган, юкхонасида эса заводдаги пломбалари сақланиб қолган.
«ВАЗ-2106» 64 от кучига эга 1,3 литрли карбюратор мотор ёрдамида ҳаракатга келади. Агрегат тўрт поғонали механик трансмиссия ёрдамида бошқарилади. Сотувчининг сўзларига кўра, 27 йил давомида машина илиқ гаражда сақланган.
Аввалроқ Петербургда 22 йил гаражда сақланган янги «ВАЗ-2104» топилгани, Москвада идеал ҳолатдаги Lada коллекцияси 210 минг долларга сотилаётгани, Россияда завод пломбалари олинмаган 26 йиллик «Жигули» янги BMW Х3 нархида сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)