Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги кузги ҳарбий ҳаракатлар тугагандан сўнг Озарбайжонда асирликда қолган барча арманлар билан ўғли Ашотни алмаштиришга тайёр. Бу ҳақда Пашиняннинг сўзларига таяниб, «Sputnik Armeniya» хабар берди.

Никол Пашиняннинг ўғли Ашот.

Фото: «РИА Новости»

«Мен Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга расман айтяпман: барча асирлар эвазига ўғлимни таклиф қиламан», — деди Пашинян.

Пашинян бу гапларни мамлакатнинг собиқ президенти Серж Саргсяннинг танқидига жавобан айтган. Аввалроқ Пашинян ҳозирда Озарбайжон қамоқларида бўлган асирлар яна бир неча ойлик қамоқ учун ҳукуматни кечиришини айтган.

«Улар яна бир-икки ой асирликда яшаса ҳам, бизни кечиради. Аммо биз уларнинг озодлиги учун мамлакат мустақиллигидан воз кечсак, улар бизни асло кечирмайди », — деган у Армавир вилояти сайловчилари билан учрашувда.

Пашиняннинг сўзлари Арманистон собиқ президентининг танқидига сабаб бўлди. «Пашинян бу одамлар қандай аҳволда эканини тушунармикан ўзи?! У ўғли Ашотни Озарбайжонда ушлаб турилган 20-25 аскарга алмаштира қолсин» — деган Саргсян ғазаб билан. Унинг фикрига кўра, асирлар ҳар қандай вақтда қийноққа солиниши, зўрланиши ва ҳатто ўлдирилиши мумкин.

Саргсянга жавоб берар экан, Пашинян уни одам савдосида айблади. «Алмаштиришга розиман. Сержик ва Робик (Роберт Кочарян, Арманистоннинг иккинчи президенти), одамлар олди-сотдиси бўйича мутахассис сифатида мен сизларга ушбу масала бўйича музокаралар олиб бориш ваколатини бераман. Агар сиз бу орқали бир неча минг доллар ишлаб топсангиз, демак сизнинг ўқингиз нишонга тегган бўлади», — Пашинян.

Пашинян ўз ўғлини Озарбайжонда сақланаётган маҳбусларга алмаштириш таклифи ҳиссий эмас, балки расмий эканини таъкидлади. У Бокудан расмий жавоб кутмоқда.

Тинчлик шартномаси имзолангандан сўнг Арманистон президенти Армен Саркисян россиялик ҳамкасби Владимир Путиндан асирликдаги арманларни ватанига қайтаришга кўмаклашишни сўраганди.

Боку Озарбайжонда сақланаётган 140 киши алмаштирилмаслигини айтган, чунки улар жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейин қўлга олинган ёки «Ёлланиб жангда қатнашиш», «Терроризм» ва «Ҳарбий жиноятлар» моддалари бўйича айбланаётган шахслардир.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг сентябрь ойи охирида Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон давлатлари ўртасида қуролли низо келиб чиққан эди. 2020 йилнинг 10 ноябрида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги уч томонлама келишув имзоланиши билан низолар якунига етди. Унга кўра, Боку Тоғли Қорабоғ билан қўшни етти вилоят, шунингдек, Шуша ва Гадрут шаҳарлари устидан назоратни қайта тиклади. Ҳудуднинг қолган қисмига Россия тинчликпарварлари жойлаштирилди. Бундан ташқари, келишув Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги алоқалар ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг бошланишини назарда тутади.