Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида юқори тезликда ҳаракатланиб келган «Жигули» бетон тўсиқдан «сакраб ўтиб», қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Nexia’га урилди. Бу ҳақда «Дарё»га Қарши шаҳар ЙҲХБ инспектори Аҳрор Усмонов хабар берди.

Аҳрор Усмоновнинг маълумот беришича, ЙТҲ 2021 йилнинг 1 июнь куни соат 12:37 да содир бўлган.

Таъкидланишича, Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси Artel савдо мажмуаси рўпарасида ҳайдовчи Ю.А. бошқарувидаги давлат рақами 70 L 713 PА бўлган «БАЗ—2107» юқори тезликда ҳаракатланиб келиб, бошқарувни йўқотган. Шундан сўнг автомашина йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиқдан ошиб ўтиб, қарама-қарши йўлдан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи М.А. бошқарувидаги Nexia’га урилиб, ЙТҲ содир бўлган.

Оқибатда «Жигули» ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қарши филиалига ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан ҳайдовчи вафот этган. Nexia ҳайдовчиси эса енгил тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Аввалроқ Бухорода Nexia ва Lacetti тўқнашиши оқибатида бир нафар йўловчи вафот этгани, Сурхондарёда тезликни меъёрдан оширган Spark ҳайдовчиси пиёдани уриб юбориб, жабрланувчи вафот этгани хабар қилинган эди.