Ўзбекистонда оммалашган «Андижон музқаймоқлари» деб номланган музқаймоқ маҳсулотлари устидан рейд тадбирлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Бу кун» информацион дастурида маълум қилинди.

Мухбирнинг Тошкент бозорларида ушбу музқаймоқни сотаётганлар билан суҳбатида сотувчилар маҳсулот «СЭС» назоратидан ўтгани ва барча гигиеник талабларга амал қилиб сотилаётганини айтган. Баъзи сотувчиларда ушбу музқаймоқни сотиш учун рухсатнома йўқлиги маълум бўлган.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 29 майдан бошлаб Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси, ички ишлар ходимлари ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан «Андижон музқаймоқлари» устидан рейд тадбирлари олиб борилмоқда.

Мазкур тадбирлар давомида 132 аравачадаги 1 тоннадан ортиқ музқаймоқлар истеъмолга яроқсиз деб топилди. Сабаби, лаборатория ташхисларида музқаймоқда ичак таёқчаси қўзғатувчиси ҳамда стафилококк ауреус қўзғатувчиси аниқланган.

СЭО ва ЖСХ Тошкент шаҳар бошқармаси овқатланиш бўлими мудири Феруза Хўжаеванинг таъкидлашича, ушбу музқаймоқ сотувчиларининг аксарияти Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ишлаб чиқарилаётган музқаймоққа берилган сертификат нусхасини олиб юрибди.

«Бу рухсатномалар сотиш учун эмас, ишлаб чиқариш корхонаси сертификати ҳисобланади», — дейди Феруза Хўжаева.

Бироқ шу кунгача мазкур музқаймоқда касалланиш ҳолати кузатилмаган.

Бундан аввал «Андижон музқаймоқлари» савдо белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.